Бугун Сув хўжалиги вазирлигида Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор мақсад ва вазифалар ижросига бағишланган анжуман ўтказилди. Тадбир Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Сув хўжалиги вазири, ўринбосарлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеп фракцияси аъзолари, партия Сиёсий таълим маркази, Тошкент шаҳар ҳамда Мирзо Улуғбек туман Кенгашлари раҳбарияти, вазирлик марказий аппарати ходимлари иштирок этди.
Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Давлат дастурида вазирликка жами 14 та бандда топшириқ берилганлиги, шундан 5 тасида сув хўжалиги асосий ижрочи, 9 тасида ҳамижрочи сифатида белгиланганлигини таъкидлади. Ҳар бир банд бўйича бугунгача бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот бериб ўтди.
Жумладан, дастурнинг 63-мақсад, 6-бандида бетон қопламали магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг улушини ошириш, каналларни реконструкция қилиш доирасида камида 1,5 минг км йирик каналларни бетонлаштириш ишларини якунлаш кўзда тутилган.
Ҳозиргача 373,5 км каналларда ер ишлари, 253,3 км каналларда бетон ишлари бажарилди, бундан ташқари, 7,9 минг км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди.
Хорижий инвестиция лойиҳалари доирасида Фарғона водийсида
151 км каналлар, Бухорода “Жондор” канали (23 км) ва Сурхондарёда “Боботоғ” канали (24 км) бетонлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Хитойнинг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги 1200 км каналларни модернизация қилиш лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш ишлари бошланди.
Давлат дастурининг 64-мақсад, 8-бандида сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича “Сувчилар мактаби”нинг 2-босқичини ташкил қилиш назарда тутилган.
Жорий йил февраль ойида “Сувчилар мактаби”нинг 2-босқичи ишга туширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Сувчилар мактаби” ҳамда унинг тажриба майдонлари ташкил қилинди.
“Сувчилар мактаби”нинг 2-босқичида 5-23 февраль кунлари жами 1 минг 442 нафар ,шундан, 1 минг 282 нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари, 158 нафар қурувчи-пудрат корхоналарининг лойиҳачилари ва ишчилари ўқитилиб, тегишли сертификатлар топширилди ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш жараёнига жалб қилинди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеп фракцияси аъзолари, партия вакиллари сўзга чиқиб, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Сув хўжалиги вазирлиги билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича фикрларини билдирдилар.
Тадбир якунида партия сафига янги қўшилган аъзоларга гувоҳномалар топширилди.
Ахборот хизмати