Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси (ХИДК) президенти Марко Арчери билан учрашув ўтказилди.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев меҳмонни юртимизга ташрифи билан самимий қутлади ва унинг ХИДК президенти сифатида Ўзбекистонга илк ташрифи ўзаро ҳамкорликка доир кенг кўламли масалалар юзасидан фикр алмашиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.
Ўз навбатида Марко Арчери Ўзбекистонга катта режалар ва янги ғоялар билан келганлигини, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш нияти борлигини эътироф этди.
– Бу ерга келишдан олдин Ўзбекистонда сувдан самарали фойдаланиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, насос станцияларини янгилаш, замонавий технологияларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва ютуқлар ҳақидаги маълумотлар билан танишдим. Айниқса, Ўзбекистоннинг сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда минтақа давлатлари орасида илғор экани таҳсинга сазовор, – деди Марко Арчери.
Учрашувда Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси GEF агентлиги раҳбари Вадим Соколов Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида бажарилган ишлар ҳақида тақдимот қилди. Хусусан, сувни ва электр энергиясини тежаш, рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик каби йўналишларда эришилган натижалар айтиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Каналларни бетонлаштириш бўйича долзарб йил” деб эълон қилингани, 1,5 минг км йирик каналлар ва 10 минг км кичик ҳажмли каналларни бетонлаштириш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Марко Арчери вазирликнинг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти лабораториялари, олиб борилаётган илмий тадқиқот ва изланишлар, ёш олимларга яратилган шароитлар, томчилатиб суғориш бўйича кўргазма майдончаси, шунингдек, “Сувчилар мактаби” фаолияти билан танишди.
ХИДКга 100 дан ортиқ давлат аъзо. Ўзбекистон 1994 йилда аъзоликка қабул қилинган. Ташкилотнинг йиллик конгрессларида, халқаро ижроия кенгаши йиғилишларида, сув форуми ва конференцияларида Ўзбекистон вакиллари фаол қатнашиб келади.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 2019 йилда ушбу ташкилот вице-президентлигига 3 йил муддатга сайланган. Ҳозирда ХИДКнинг фахрий вице-президенти ҳисобланади.
Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси GEF агентлиги раҳбари Вадим Соколов 2023 йилда навбатдаги 3 йил учун ХИДК вице-президентлигига сайланди.
Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси президенти Марко Арчери юртимизга ташрифи чоғида вазирликлар, олий ўқув юртлари, Қарши, Нукус, Хива шаҳарларида бўлиб, тадбирларда иштирок этади.
Ахборот хизмати