Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган очиқ-ошкора, прагматик ички ва ташқи сиёсат халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланиб, мамлакатимизнинг мутлақо янги қиёфаси шаклланмоқда.
Нуфузли халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Буни Бирлашган Миллатлар ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланадиган ташкилоти – ЮНЕСКО мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини янада ошириш ва мустаҳкамлашда ЮНЕСКО муҳим платформа вазифасини ўтаб келмоқда. Хусусан, 2017-2023 йилларда миллий маданий меросимизнинг 14 та ноёб намунаси ЮНЕСКОнинг рўйхатларидан жой олиб, инсоният мероси сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Бухоро шаҳри Ижодкор шаҳарлар тармоғига киритилди. 2023 йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватлангани муҳим тарихий воқеа бўлди. Ўтган 40 йилдан ортиқ вақт давомида ЮНЕСКО Бош ассамлеясининг сессияси Париж шаҳридан ташқарида ўтказилмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 мартдаги “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-128-сон қарори нуфузли халқаро анжуманни юқори даражада ўтказиш учун ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўришга, шунингдек, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган. Қарор билан 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.
Ташкилий қўмита сессияни ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ҳал қилиб боради. Шунингдек, ахборот-таҳлилий ва бошқа ҳужжатларнинг ўз вақтида ва сифатли тайёрланишини таъминлайди.
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг аҳамияти ҳақида юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиб, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб бориш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, хештег ва челленж каби усулларни қўллаш орқали кенг тарғиб қилади.
Сессиянинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан “Самарқанд – жаҳон тамаддунлари чорраҳасида” номли китоб-альбом ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этилади, почта маркалари ва конвертлар туркуми яратилади, тақвимлар ва кўргазмали тарғибот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин тангаларнинг муомалага чиқарилиши ташкил қилинади.
Сессия “Silk Road Samarkand” Самарқанд сайёҳлик мажмуасида ўтказилади.
Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмалар ташкил этилади.
ЮНЕСКОнинг маслаҳат органи ҳисобланган Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига Ўзбекистоннинг аъзо бўлиши ташкил қилинади.
Қўқон, Тошкент шаҳарларини Ижодкор шаҳарлар ва Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоқларига, ноёб маданий ва табиий мерос объектларимизни ЮНЕСКО халқаро рўйхатларига киритиш чоралари кўрилади.
ЮНЕСКО мезонлари асосида ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда Самарқанд шаҳрида Буюк ипак йўли давлат музейини ташкил этиш, соҳибқирон Амир Темур боғларини қайта тиклаш, Бибихоним мажмуасини реставрация қилиш, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий марказини муҳофаза қилишга қаратилган унинг мастер ва менежмент режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Сессия 3-4 ҳафта давом этиши ҳамда унда ЮНЕСКОга аъзо бўлган 194 та хорижий давлат ва халқаро ташкилотларнинг 3 мингдан ортиқ вакиллари иштироки кутилмоқда.
Ушбу қарорга мувофиқ давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихи, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда улар билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилади.
Бугун жонажон Ўзбекистонимиз жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига, глобал ташаббуслар муаллифига айланиб бормоқда. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мамлакатимиз мезбонлик қилаётгани бунинг яна бир тасдиғидир.
Ахборот хизмати