Жарқўрғон туманидаги «Халқобод-1» насос станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилганига қарийб қирқ йил бўлаяпти. Ушбу насос станцияси «Боботоғ» каналидан сув тортиб, «Халқобод» ҳудудидаги фермер хўжаликларининг 900 гектардан зиёд экинзорлари ҳамда аҳоли томорқалари, боғ-роғларини обиҳаёт билан таъминлайди. Ўтган йили насос станцияси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Sag agro Jarqo‘rg‘on» МЧЖ бошқарувига ўтказилди.
Насос станциясидан қисқа фурсат фойдаланган кластер ташкилоти масъуллари шу муддат орасида агрегатларнинг эскиргани ва электр энергиясини кўп сарфлашини англаб етди. Насос станциясининг асосий эгаси – Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси мутахассислари билан сарфланаётган электр энергиясини қандай қилиб тежаш бўйича маслаҳатлашишди. Мутахассислар насос станциясига энергия тежамкор агрегатлар ва электр двигателлар ўрнатиш, бошқа жиҳозларнинг ҳам кам электр қуввати билан ишлайдиганларидан фойдаланишни тавсия қилишди.
Кузги-қишки таъмир мавсумида насос станцияси ходимлари мавжуд тўртта агрегатни таъмирдан чиқариб, суғориш мавсумига шайлаб қўйишганди. Ўз имкониятларини чамалаб чиққан хусусий шерик насос станциясидаги 2 та 20ДНС русумли агрегатининг ўрнига янги, энергия тежамкорини ўрнатишга қарор қилди. Яқинда 2 та янги агрегат келтирилди. Айни пайтда жамоа аъзолари ана шу агрегатларни ўрнатиш ва тезроқ ишга тушириш чораларини кўришаяпти.
Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси хусусий шерик вакиллари билан мазкур объектда семинар ўтказиб, мутахассисларга янги агрегатларни монтаж қилиш ва йил давомида электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар беришди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати