Баҳор – экин-тикин учун энг қулай мавсум. Бу фаслда экилган ҳар бир кўчат униб кетади. Шу боис ҳам боғбонлар азалдан кўкламни орзиқиб кутишган.
Жорий йилда мамлакатимизда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Тошкент вилоятидаги мавжуд сув хўжалиги объектларининг 583 км масофадаги ер майдонларига 1 млн. 312 минг туп мевали ва манзарали кўчатлар экиш мақсад қилинган. 2024 йилнинг 31 март ҳолатига жами 588 минг 390 туп дарахт кўчатлари экилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли барча ташкилот ва бошқарма ишчи-ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ҳамда белгиланган ҳудудларни обонлаштиришга жалб этилган. “Тошкент” магистрал канали, “Бўзсув” канали ва бошқа сув хўжалиги объектлари бўйларига мевали ва манзарали кўчатлар экилмоқда.
Тошкент, Бекобод, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Оққўрғон, Чиноз туманлари сувчилари ҳам ўзларига белгиланган ҳудудларга мевали ва манзарали кўчатлар экишяпти.
Кўчат экиш билан иш битмайди. Ниҳолларни парвариш қилиш учун албатта назорат керак. Бугун ерга қадалган кўчатларни парвариш қилиш, уларни назорат қилиш учун “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасидан маъсул ходимлар бириктирилган.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати