Юртимизда бошқа ардоқли дарахтларимиз каби терак экиш ва уни праваришлаш борасида ҳам қадимдан катта тажриба тўпланган. Қишлоқдаги ҳар бир хонадонда осмонга бўй чўзган тераклар шовуллаб ўсиб, ҳавонинг софлигига рағбат бағишлагани ҳолда кўп йилдан сўнг янги уйлар ёғочини таъминлашга хизмат қилган. Терак барча турдаги дарахтлар орасида энг яхши ҳаво тозаловчи ҳисобланади.
Теракнинг айнан шу жиҳатларини инобатга олган Ромитан тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ишчи-ходимлари ҳам мавжуд канал ва ариқ бўйлари ҳамда сув иншоотларига қарашли экин ерларига куз, қиш ва баҳор фаслларида 20 минг туп терак, тол ва жийда қаламчаларини ўтқазишга эришдилар. Шунингдек, муассаса ходимлари томонидан мевали ва манзарали ҳамда узум кўчатларини ўтқазиш ишлари уюшқоқлик асосида олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, муассаса томонидан келгуси йиллар учун мевали дарахт кўчатларини тайёрлаш мақсадида 5 сотих ер майдонида кўчатзор барпо этилди. Айни пайтда бу ерга кеч кузда қадалган ўрик ва шафтоли ниҳоллари ношона бера бошлади.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати