Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Жиззах вилояти сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишларида иштирок этди.
Вазир Мирзачўл туманидаги ПР-8 канали бўйларида режалаштирилган 30 минг туп кўчат экиш ишларини шахсан ўзи бошлаб берди.
Вилоят сув хўжалиги тизимидаги сув йўллари ва иншоотлари – каналлар ҳамда ариқлар, сув омборлари ва насос станциялари, уларнинг атрофи ва муҳофаза ҳудудларини боғ-роғлару, дарахтзорларга айлантириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, бу борадаги ишларда жиззахлик сувчилар билан бир қаторда Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилояти миробларининг 400 нафар вакиллари ҳам (уларнинг 100 нафари Мирзачўл туманида) фаол иштирок этишяпти.
Энг муҳими, беминнат ҳашарчилар қуруқ қўл билан келмади: улар Жиззахга ҳозирча 200 минг туп кўчат тортиқ қилишди ва ушбу ниҳоллар сонини 800 минг тупга етказишни ваъда қилишмоқда.
Маълумот учун, Жиззах вилояти сув хўжалиги тизимида шу йилнинг 10 апрель кунига қадар 1 миллион 100 минг туп кўчат экиш режалаштирилган...
Х.Каримов,
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот котиби