«Сурхон-Шеробод» ирригация тизими бошқармаси тасарруфида вилоятнинг 10 та тумани далаларини обиҳаёт билан таъминлайдиган ўттизта йирик каналлар мавжуд бўлиб, ҳар бир канал бошлиқлари ва мироблар ташаббуси билан ушбу суғориш тармоқлари ҳимоя ҳудудига ҳар хил мевали-манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазилмоқда.
Қизириқ тумани ҳудудидаги «Ўнг тармоқ» канали ва унинг кун ботар томонидаги «НК» коллектори ўртасидаги ҳимоя ҳудуди анчадан бери бўш турганди. Ирригатор ва мелиораторлар зовурни тозалаш жараёнида чиққан ва анчадан бери қирдек уйилиб ётган тупроқларни бульдозер ҳамда бошқа техникалар билан текислашди. Натижада икки гектардан кўпроқ ер очилди. «Сурхон-Шеробод» ирригация тизими бошқармасининг жамоаси бу жойдан унумли фойдаланиш, асосан теракзор барпо этиб, даромад кўриш мақсадида ҳар куни ҳашар уюштириб, терак кўчатлари ва қаламчаларини экишмоқда.
Бошқарма бошлиғи Шайдулла Раҳмоновнинг айтишича, айни пайтда каналларга сув очилган, ирригаторларнинг бир қисми сув етаклаш билан банд бўлса, қолганлари ва бошқа участкалардаги ходимлар ҳашарга жалб қилиниб, кунига минг тупгача терак кўчати ҳамда қаламчалари ўтқазилаяпти. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил 1 апрелдан 10 апрелгача сув хўжалиги объектлари атрофига кўчат экиш “Долзарб 10 кунлик” доирасида каналлар ва гидроучасткалар атрофидаги бўш майдонларга 22,2 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишга аҳд қилган жамоа фақат «Ўнг тармоқ» канали ҳимоя ҳудудида очилган ерга 6 минг тупдан кўпроқ терак кўчати ва қаламчаларини экиб қўйишди.
Барпо этилаётган теракзорни ҳимоялаш учун атроф симтўрлар билан ўралади ҳамда каналдан сув чиқарилиб, ниҳоллар парвариши доимий эътиборда бўлади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати