Қизириқ тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ жамоаси «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида барча каналлар ҳимоя ҳудуди ва гидроучасткалар атрофидаги бўш ерларга мевали-манзарали дарахтлар кўчатини экишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.
– Айни пайтда ҳамма мутахассисларимиз, мироблар, канал бошлиқларини кўчат экиш ҳашарига сафарбар этганмиз, – дейди Қизириқ тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Музаффар Неъматов. – Бугун эзгу ниятда ўтқазилаётган кўчатлар ҳадемай соя ташлаб қолади ҳамда узоғи билан икки-уч йилда мева туга бошлайди. Эрта бир кун сувчиларнинг ўзи дарахтлар сояси ва мевасидан баҳраманд бўлади. Ҳозирда сувчиларимиз «Р-1-8» канали ҳимоя ҳудудига 420 туп кечки олма, ёввойи гилос, беҳи, эртапишар шафтоли, бодом кўчатларини ҳамда минг тупдан зиёд тут, терак, тол, гужум, ток қаламчаларини ўтқазишмоқда.
Айтиш керакки, қизириқлик ирригаторлар зарбдор ўн кунлик мобайнида каналлар ва бошқа суғориш тармоқлари ҳимоя ҳудуди ҳамда гидроучасткалар атрофига жами 5 минг тупдан зиёд мевали-манзарали дарахт ниҳоллари экиш, уларни намунали парваришлаш учун ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишаётир.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати