Мамлакатимизда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Кредит ажратиш, субсидиялар бериш, енгиллик ва имтиёзлар тақдим этиш ҳисобига фермер, кластер ташкилотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларида замонавий технологияларга қизиқиш ва рағбат кучаймоқда.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, сувни тежовчи технологияларни қуриш жараёнида айрим нопок қурувчи-пудрат корхоналари томонидан бюджет маблағларини талон-тарож қилишга уриниш ҳолатлари учраб турибди. Бу борада прокуратура ва бошқа тегишли органлар томонидан Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар қай тартибда ўзлаштирилиши ва натижаси доимий мониторинг қилиб борилаяпти.
Шу билан бирга, 2020–2021 йиллардаги ўрганишлар давомида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича етарли малакага эга бўлмаган қурувчи корхоналар фермер хўжаликларининг ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг маблағларини ўзлаштириб, технологияни ўз вақтида ишга тушириб бермаслик ва сифатсиз маҳсулотлар ўрнатиб кетиш ҳолатлари ҳам аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Бош прокуратура ва унинг ҳудудий органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Алданиб қолган ушбу фермер хўжаликлари давлат бюджетидан субсидия ололмаётган бўлиб, кредит маблағларини ойма-ой тўлаб келаётганлиги сабабли фирибгар қурувчи-пудрат ташкилотларига нисбатан жиддийроқ чоралар кўрилишини талаб қилишган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги ПҚ-144-сонли қарорига асосан сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ишларини сифатли амалга оширган ҳамда бозор иқтисодиётида эркин рақобат талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган «Tomchi-reestr» пудрат корхоналарининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилган.
Мазкур ягона электрон реестр натижасида 2022–2023 йилларда белгиланган мезонларга жавоб бера оладиган 82 та корхона рўйхатдан ўтиб, ушбу давр Давлат бюджети ва субсидия маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари кузатилмади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5-сонли қарори билан республикамизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор янада муҳим иқсодий ислоҳолотлар амалга оширилди. Хусусан, «Tomchi-reestr» пудрат корхоналарининг ягона электрон реестрини шакллантириш тартиби янада такомиллаштирилди.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Сувчилар мактаби”да республикамиздаги қурувчи-пудрат ташкилотларининг 1500 нафардан ортиқ лойиҳачи, агроном, муҳандис ва бошқа кадрларининг малакаси оширилди ҳамда тест синовлари натижаси бўйича уларга сертификатлар берилди. Ўқув машғулотларига хориждан малакали мутахассислар жалб қилинган бўлиб, ўқиш, тушлик, транспорт хизматлари барчаси бепул ташкил этилган.
Мазкур мурожаатда тор доирадагиларнинг манфаати кўзланган бўлиб, улар ўз кирдикорларига йўл очиш учун бир неча йиллик тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ва синовдан ўтган тизимни бекор қилишни сўрамоқда.
Уларга жавобимиз шуки, сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича мамлакатимизда мустаҳкам тизим яратилди ҳамда очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиб, ҳуқуқий механизмлари йилдан йилга такомиллаштириб борилаяпти.
Ортга қайтишга йўл йўқ. 2030 йилга қадар суғориладиган 4,3 млн. гектар майдонни тўлиқ сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олиш вазифаси қўйилган.
Ушбу масалалар бўйича кимда эътироз ёки саволлар бўлса, Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари очиқ мулоқот ўтказишга тайёрлигини билдирамиз.
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати