СЕЛ-ТОШҚИН БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ!
Бу – ҳаёт-мамот масаласи
Сўнгги вақтларда дунёда талафотли сел-тошқинлар сони ортаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Қардош Қозоғистонда кенг миқёсли тошқинлар натижасида инсонлар қурбон бўлди. Россияда сув тошқинлари 16 мингдан зиёд уйга зиён етказгани хабар қилинмоқда. Бундай табиий офатлар кейинги пайтларда кузатилаётган иқлимнинг салбий ўзгаришлари оқибати экани ҳақида фикрлар билдирилаяпти.
Кеча Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кун тартибидаги биринчи масала сифатида сел-тошқин мавсумини талафотсиз ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
Видеоселектор йиғилишини Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев бошқарди.
Жорий йилнинг март-апрель ойларида республиканинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик миқдори кўп бўлиши натижасида сел сувлари келиш ҳолатлари кузатилди. Республика бўйича 24 та объектда сел ва сув тошқин сувларини хавфсиз ва беталофат ўтказиб юбориш ишларига 40 та экскаватор, 15 та бульдозер, 42 та самосвал ҳамда бошқа техника ва механизмлар жалб этилгани таъкидланди.
Навоий, Наманган, Сурхондарё, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи А.Убайдуллаев ва Навоий вилояти сув омборлари ва йирик гидротехника иншоотларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи И.Рауповга ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллаш белгиланди.
Вазир барча ҳудудларда кўрилаётган чора-тадбирлар етарли даражада эмаслигини айтиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари раҳбарларини сел-тошқиндан ҳимоя ишларига шахсан жавобгар эканлиги ҳақида огоҳлантирди.
Зарур захираларни яратиш, техника-механизмларни шай ҳолатда сақлаш, навбатчиликни кучайтириш, алоқа хизмати узилишларига йўл қўймаслик бўйича топшириқлар берилди.
Видеоселектор йиғилишида тизим ташкилотлари балансидаги бино ва иншоотлардан фойдаланишда йўл қўйилаётган камчиликлар, коррупцияга қарши курашиш, матбуот хизматлари фаолияти, “Яшил макон” лойиҳаси бўйича ишларни якунига етказиш, ижро интизомини кучайтириш масалалари муҳокама қилиниб, вазифалар белгилаб олинди.
Ахборот хизмати