Сариосиё тумани деҳқонлари сув етиб бориши мушкул, энг охирги қулоқ ҳисобланадиган далаларида ҳам мўл ҳосил етиштириш чораларини излашмоқда. Улар кам сув билан ҳам юқори ҳосил етиштириш учун сув тежовчи технологиялардан унумли фойдаланишни кўзлашмоқда. Мутахассис ва деҳқонлар маслаҳатлашувидан кейин сув таъминоти оғир ҳудудлардаги 347 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этишга қарор қилинди. «Suvkredit.uz» электрон платформаси орқали 12 та фермер хўжалиги ариза топширган бўлса, ҳозирча уларнинг 64 гектар даласи учун 924 миллион сўм кредит ажратилди. Қолган фермерларга ҳам кредит ажратилиши учун банк ходимлари билан биргаликда ҳаракат қилинаяпти. Айни пайтда «Ardent plastik Tashkent», « Dual Sulame Group» МЧЖлар қурувчилари томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш учун қурилиш-монтаж ишларини бажаришмоқда.
Сариосиё тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ идорасида ўтказилган семинарда Аму-Сурхон ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдурасул Холбоев, сув хўжалиги вазирлиги вакили Ҳасан Йўлдошев иштирок этиб, йиғилган сувчилар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, пудратчи ташкилотлар мутахассисларига сув тежовчи технологияларнинг афзаллиги, даласига томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этишга талабгор хўжалик юритувчи субъектларга яратилаётган имтиёз ҳамда қулайликлар, технологияни ўрнатган фермерларга шу йилнинг охиригача харажатларининг бир қисми субсидия ҳисобига қопланиши тартиблари ҳақида батафсил маълумот беришди.
Семинар қатнашчиларига «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ омборхонасига пудратчи ташкилотлар томонидан керагидан ортиқ технология асбоб-анжомлари келтириб қўйилгани кўрсатилиб, талабгор фермер хўжаликларининг қолганларига ҳам тезроқ «Suvkredit.uz» платформаси орқали кредит чиқариб, тежовчи технологияларни кенг майдонларда жорий этишни жадаллаштириш тавсия қилинди.
Семинар якунида фермер хўжаликлари ҳамда пудратчи корхоналар вакиллари томонидан айрим муаммоли масалаларнинг ечимига доир саволларига мутахассислар ўз фикр-таклифларини билдиришди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати