2021 йил 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Нидерландия Қироллигининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Москвада шаҳрида жойлашган) Хиллес Арно Бесхор Плух билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда вазирнинг биринчи ўринбосари А.Назаров Хиллес Арно Бесхор Плухни масъул лавозимга тайинлангани билан табриклади ҳамда Ўзбекистон ва Нидерландия муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида улкан муваффақиятлар тилади.
Ўз навбатида жаноб Плух самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзининг Ўзбекистондаги илк учрашуви Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти билан ўтказилаётганига эътиборни қаратди. Келгусида мамлакатларимиз ўртасида сув ресурсларини бошқариш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари кенг эканлигини эътироф этди.
Учрашув чоғида республикамизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация-мелиорация иншоотларининг ҳолати, уларни қайта қуриш ва реконструкция қилиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тақдимот ўтказилди.
- Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида сув ресурсларидан фойдаланишда ўхшаш жиҳатлар бор, - деди жаноб Плух. – Мисол учун, Нидерландияда ҳам минтақадаги қўшни давлатлар билан муносабатларда сув ресурслари муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, мамлакат экспортининг салмоқли қисми агроозиқ-овқат соҳасига тўғри келгани учун сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш улкан аҳамиятга эга масала ҳисобланади.
Мулоқот чоғида давлатларимиз ўртасида сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, келгусида қўшма лойиҳалар доирасида ўзаро мутахассислар алмашишни йўлга қўйиш, семинарлар, ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Матбуот хизмати