2021 йил 15 октябрь куни Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида “Сув ресурсларини бошқаришдаги ислоҳотлар” мавзусида Ўзбекистон-Австралия семинари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Австралиянинг “FORTESCUE FUTURE INDUSTRIES” компанияси вакиллари ва мутахассислари қатнашди. Шунингдек, Австралиядан олимлар, тадқиқотчилар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг мутахассислари онлайн тарзда иштирок этди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон Стратегияси” китобида таъкидланганидек, глобал иқлим ўзгариши таъсирининг кескинлашуви жаҳон мамлакатларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача йиллик сув таъминоти даражасини пасайтира бошлади. Шу боисдан барча мамлакатларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Ўзбекистонда ҳам мазкур масала долзарб бўлиб қолмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш давлатнинг мудом диққат марказида турибди.
Семинар очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаровнинг эътирофича, Ўзбекистон ва Австралия минглаб чақирим масофада жойлашган бўлсада бу икки мамлакатнинг сув ресурсларидан фойдаланиш ва уни самарали бошқариш бўйича ўхшаш жиҳатлари кўп. Сув танқис бўлган ҳудудда жойлашган Австралия соҳани ислоҳ қилиш бўйича кейинги ўттиз йил ичида катта йўлни босиб ўтди ва улкан тажриба тўплади. Хусусан, сув ресурсларини бошқариш ва ундан фойдаланишнинг энг илғор ва инновацион усулларини қўллашга интилмоқда.
Семинардан кўзланган мақсад ҳам сув хўжалиги соҳасида Австралия тажрибасини ўрганиш, энг муҳим ва самара берадиган ютуқларни жорий этиш, шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар билан хорижлик мутахассисларни таништиришдир.
Семинар очилишида Австралиянинг “FORTESCUE FUTURE INDUSTRIES” компанияси раҳбари Джулия Шуттливорд сўзга чиқиб, мазкур компаниянинг мақсади шамол, сув ва қуёш каби муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш, сайёрамизда глобал исиш таъсирини камайтиришга ҳисса қўшишга қаратилганлигини таъкидлади. Австралия ва Ўзбекистон ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги алоқаларни кучайтириш, янги истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш ва кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда катта ўзгаришлар қилишга тайёрлигини билдирди.
Сув танқислиги йилдан-йилга ошиб бораётганига қарамасдан, мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари, йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболини белгилайдиган, соҳага оид дастурлар ишлаб чиқиш учун асос бўладиган стратегик ҳужжат – Концепция мавжуд эмас эди.
Халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Концепцияси бутун моҳияти ва мазмуни билан ана шундай ҳужжат бўлди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг ўн йилдан кейинги даврда сув ресурслари бўйича кутилаётган ўзгаришларга тайёргарлигини белгиловчи ўзига хос дастур ҳисобланади.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди. Стратегия республикамизда сув танқислигининг олдини олиш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва соҳани янада ривожлантириш орқали, энг аввало, ҳаётимиз фаровонлигини, ҳар томонлама тўкис бўлишини таъминлашга қаратилган.
Семинарда Концепция ва Стратегия доирасида мамлакатимизда сув ресурсларини бошқаришдаги ислоҳотлар, уларнинг асосий йўналишлари, эришилаётган натижалар муҳокама қилинди. Австралия билан ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари белгилаб олинди.
Матбуот хизмати