Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Нукус ва Кегейли туманлари ирригация бўлимларида идоравий иш юритиш, ҳужжатлар билан ишлаш, ижро интизоми, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари муҳокамасига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош юрисконсульти У.Абдиев янгиланган ва жори йил 1 майдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишлар ҳақида тушунтирди.
Мурожаатлар билан ишлаш ва ижро интизоми шуъбаси бошлиғи С.Худайбергенова сўзга чиқиб, тегишли қарор ва дастурлар ижросини таъминлаш, ортиқча қоғозбозликни камайтириш ва ҳужжатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида жорий этилган “IJRO.GOV.UZ” ва “Edo.ijro.uz” электрон ҳужжат айланиш тизимидан сув хўжалигининг қуйи тизим ташкилотларининг фойдаланиш даражаси ҳақида ахборот берди. Хусусан, Нукус ва Кегейли тумани ирригация бўлимларида қанча ҳужжат электрон тизим орқали юборилган ва уларни ижро қилиш муддатлари кечикаётган ҳужжатлар ҳақидаги ахборотни ўқиб эшиттирди. Мазкур масала ҳар иккала туман ирригация бўлими раҳбарлари ва масъуллари билан муҳокама этилди.
– Ижро интизоми ишимизда самарадорлик омили, – деди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Мурожаатлар билан ишлаш ва ижро интизоми шуъбаси бошлиғи С.Худайбергенова. – Ахборот асрида яшамоқдамиз ва барча соҳа вакиллари, шу жумладан, сув хўжалигининг тизим ташкилотлари ходимлари ҳам иш фаолиятида, ҳужжатлар алмашинуви ва уларнинг ижросини таъминлашда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиши замон талабидир. Бунинг учун аввало, бугунгидек, ўқув-семинарларини ташкил қилиб ходимларимизнинг малакаларини оширишимиз зарур албатта. Шу билан бирга тизим ташкилотлари раҳбарияти мутахассисларни тегишли инвентарлар, замонавий компьютер жамланмаси ва интернет алоқаси каби муҳим воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Семинарлар давомида ходимларнинг иш шароитлари ҳам ўрганилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар берилмоқда.
Семинарларда вазирликнинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бош мутахассиси И.Жолдасбаев ҳам сўзга чиқиб, тизим ташкилотларида янгидан иш бошлаган ёшларга “Устоз-шогирд” анъаналари асосида тажрибали устозлар бириктириш ва соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни гапириб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати