Жорий йилда Олтинсой туманида ҳар қачонгидан ҳам мўл ва сифатли пахта ҳосил етиштирилди. Ёз ойларида об-ҳаво ниҳоятда иссиқ келганига қарамай, ғўзалар чанқашига йўл қўйилмади, сувчилар пахтазорга кўпроқ тунда сув тарадилар. Самара бугун кўриниб турибди. Олтинсой тумани пахтакорлари қабул масканларига қарийб 10 минг тонна сифатли хомашё етказиб бериб, давлатга пахта сотиш шартномавий режасини республикамизда биринчи бўлиб бажаришга муваффақ бўлишди. «Ботош лочини», «Феруз», «Қозонкўл миришкори» сингари ўнлаб фермер хўжаликларида биринчи теримдаёқ 38–42 центнердан хирмон кўтарилди.
– Пахтакорларимизнинг қўлга киритган ютуғида туман ирригаторлари, канал бошлиқлари, мироблар ва кўп сонли сувчиларнинг хизмати катта бўлди, – дейди Олтинсой тумани ирригация бўлими бош мутахассиси Ҳусан Қаюмов. – Чигит экилганидан бошлаб, ғўзалардаги кўсаклар очилгунича каналлар, фермер хўжаликларининг суғориш тармоқларида сув тўлиб оқиши учун барча чора-тадбирлар амалга оширилди. Суғориш тармоқларидаги сувнинг ҳар қатрасидан тежаб фойдаланиш ташкил қилингани, сувчиларга дала шароитида барча қулайликлар яратиб берилгани ҳамда сувчию ирригаторлар меҳнатига яраша муносиб рағбатлантириб турилгани муваффақиятларнинг бош омил бўлди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати