Бўка Тошкент вилоятининг сув етиб бориши қийин бўлган туманлардан бири ҳисобланади. Буни яхши билган деҳқонлар кам сув сарфлаб мўл ҳосил етиштириш учун сув тежовчи технологиялардан унумли фойдаланишни кўзлашмоқда. Жорий йил ҳосили учун туманда 1200 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ этиш режалаштирилган. Бугунги кунда “Suvkredit.uz» электрон платформаси орқали 31 та фермер хўжалиги 852 гектар майдонга ушбу технологияни жорий этиш маысадида ариза топширган бўлса, ҳозирда уларнинг 27 нафарига қарийб 10 млрд. сўм кредит ажратилиб, қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган. Айни пайтда “AQLLI SERA”, “MAXSUS SUV XIZMATI”, “VOBKENT TOMCHI” МЧЖлар қурувчилари томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш учун қурилиш-монтаж ишларини бажаришмоқда.
Бўка тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ идорасида ўтказилган семинар сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш масалаларига бағишланди. Семинарда сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, даласига томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этишга талабгор хўжалик юритувчи субъектларга яратилаётган имтиёз ҳамда қулайликлар, шуниннгдек, технологияни ўрнатган фермерларга шу йилнинг охиригача харажатларнинг бир қисми субсидия ҳисобига қопланиши тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинар якунида фермер хўжаликлари ҳамда пудратчи корхоналар вакиллари томонидан айрим муаммоли масалаларнинг ечимига доир саволларга мутахассислар ўз таклифларини билдиришди,
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати