2023 йил Давлат дастури доирасида Тошкент вилояти сув хўжалиги тизимидаги 17 та объектда таъмирлаш-тиклаш ишлари учун 17,6 млрд. сўм маблағ ажратилган. Жорий йил октябрь ҳолатига жами 20,4 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилган. Бу йиллик лимитга нисбатан 82 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўрта Чирчиқ туманидаги “Темир йўл” коллектор тармоқларини тизимли таъмирлаш-тиклаш объектида бўлиб ўтган ўқув-амалий семинарда бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Семинарда ирригация ва мелиорация объектларини Давлат дастурига киритишда йўл қўйилаётган камчиликлар ва эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
– Канал ва зовурларни тозалашни дастурга киритишда биз кўпинча йилига қачон тозаланганлигига эътибор қаратишга ўрганиб қолганмиз, – деди Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Собиров. – Аслида бу тўғри эмас, зовурларни тозалашда унинг сабабларни ўрганиб чиқиб қазилсагина мақсадга эришилган бўларди.
Семинарда “Темир йўл” коллектор тармоқларини тизимли таъмирлаш-тиклаш ва бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳамда коллекторни дастурга киритишдан кўзланган мақсад ҳақида фикр алмашилди.
Амалий семинарда ерларнинг мелиоратив ҳолатини таҳлил қилиб бориш, коллектор-дренаж тармоқларидан ўтаётган сувлар мониторингини юритиш, тупроқлардан намуналар олиб, лаборатория таҳлилини ўтказиб туриш, шунингдек, сизот сувлар сатҳи ва шўрланганлик даражасини ўрганиб, мелиоратив карталарни тайёрлаш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати