Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида ўтказилган “Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш йўналишида гендер тенглиги фаоли” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.
“Халқаро қишлоқ аёллари куни”га бағишланган танлов Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси. 2-босқич” доирасида Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг апрель ойида эълон қилинган эди.
Ундан кўзланган мақсад сувни тежовчи технологияларни қўллайдиган фермер аёллар сонини ошириш, сув ресурсларидан фойдаланишда гендер ёндашувини жорий қилиш, шунингдек, гендер тенглик йўналишида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказиладиган тадбирлар изчиллигини таъминлашдир.
Танлов шартига кўра, иштирокчилар сув ресурсларидан самарали фойдаланишда гендер тенгликка эришиш масаласида хабардорликни оширишга қаратилган тадбир уюштириб, унинг ўтказилган санаси, мақсади ва қатнашчилар рўйхати ҳақидаги маълумотларни танлов ҳайъатига тақдим этди. Маълумотларга тадбир дастури, видео ёки фото материаллар, қатнашчиларнинг фикрлари ва бошқа шаклдаги материалларни илова қилинди.
Тизимдаги барча ташкилотлардан хотин-қизлар иштирок этган танловнинг “Гендер масаласида энг яхши ташкилот” номинациясида Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ғолиб деб топилди.
“Гендер масаласида энг яхши тадбир” номинациясида Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси вакилига ғолиблик насиб этди.
“Гендер масаласида энг фаол фермер хўжалиги” номинацияси ғолиблигига Қизилтепа тумани “Валиобод” фермер хўжалиги раиси Раъно Валиева муносиб кўрилди.
Шунингдек, қўшимча соврин эгаларига ҳам совғалар топширилди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев иштирок этди ва ғолибларни қутлади.
Ахборот хизмати