Давлатимиз байроғида сувнинг тимсоли акс этиши сувчиларнинг дилларини яна бир бор фахр ва ғурурга тўлдирди.
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун.
Шу муносабат билан Сув хўжалиги вазирлигида “Муқаддасдир давлат байроғи” деб номланган байрам тадбири ўтказилди.
Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари иштирок этди.
Соат 8:45.
Вазирлик биноси олдида Давлатимиз мадҳияси янгради. Йиғилганлар қўлини кўксига қўйиб, мустақиллик қўшиғига жўр бўлдилар.
Шундан сўнг давлатимиз байроғи, ундаги рамзлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидландики, давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Хусусан, байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Йиғилганлар байроғимизда обиҳаёт рамзи акс этганига эътибор қаратдилар. Давлатимиз байроғида сувнинг тимсоли акс этиши сувчиларнинг дилларини яна бир бор фахр ва ғурурга тўлдирди.
Тадбирда байроқ ҳақида шеърлар ўқилди.
Шу каби тадбирлар вазирлик тизимидаги барча ташкилотларда ўтказилмоқда.
Ахборот хизмати