“Openbudget.uz” платформаси мамлакатимиздаги ислоҳотлар доирасида аҳолини бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнига жалб этиш ҳамда аҳоли ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш ва очиқ майдончаларни ташкил этиш орқали уларнинг фуқаролик жамиятидаги иштирокини фаоллаштириш воситасидир. Аҳоли ўз маҳалласи, кўчаси, аҳоли пункти ёки туманидаги у ёки бу ижтимоий муаммони ўз таклифларини фаол билдириш орқали ҳал қилмоқда.
Бу борада Олот туманида ҳам “Openbudget.uz” платформаси доирасида фуқаролар томонидан шу йил биринчи мавсумда илгари сурилган ва энг кўп овоз тўплаган 10 та таклиф ғолиб деб топилганди. Жумладан, аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда “Кесакли” маҳалласида томорқалар ва фермер хўжаликлари ерлари мелиоратив аҳволини яхшилаш, доимий суғоришни таъминлаш мақсадида “Аму-Бухоро-1” каналидан Кесакли ариғига сув қуювчи сув насосига қуёш панели – батарейкалар ўрнатиш, Қўрчи қишлоғи ариғини бетонлаштириш, “Хосабўйи” маҳалласидан ўтган ариқнинг 3 километр қисмини бетонлаштириш-таъмирлаш ишлари бошланган.
“Хидрейли” маҳалласидан ўтувчи ариқни бетонлаштириш лойиҳаси маҳаллий аҳолининг ҳамжиҳатлиги асосида қарийб 6 мингта овоз тўплаб, “Ташаббусли бюджет” туман лойиҳалари доирасида ғолиб деб топилган. Қиймати 787 миллион 740 минг сўмга тенг, 2 километрга тенг бўлган сув йўлини бетонлаштириш ишларини “Бакен қурилиш монтаж” хусусий корхонаси жамоаси ўз зимасига олган. Муҳими, бу ариқдан эндиликда фермер хўжаликлари тасарруфидаги 475 гектар ер майдони ҳамда 507 гектар аҳоли томорқасини сув билан кафолатли таъминлаш имконияти яратилади.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот котиби