Сурхондарё вилоятининг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган йирик туманларидан бири – Музработ тумани экин майдонлари ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Сурхон-Шеробод даштларини ўзлаштириш ҳисобига очилган. Олтмиш йилдан кўпроқ вақтдан буён экин экиб келинаётган заминдан истаймизми-йўқми, барибир дастлабки ҳолатидай юқори ҳосил олиш душвор. Бунинг учун алмашлаб экишни жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб бориш, ер ости сизот сувлари кўтарилиши олдини олиш ҳисобига кўзланган ҳосил ундириш мумкин.
Музработда катта ва ниҳоятда узун шундай зовурлар борки, қазилмаганига ва лойқаю чиқиндилардан тозаланмаганига ҳам анча йил ўтган. Табиийки, коллектор-дренаж тармоқларини тозалаб туриш учун катта маблағ керак. Имкони бўлсаку, бир мавсумда туман ҳудудидаги барча коллектор тармоқларини тизимли таъмирлашга нима етсин? Лекин ажратилаётган маблағ хисоб-китоби олиниб, ҳар мавсум тумандаги тозалашга энг муҳтож коллекторлар таъмирланаяпти. Бу йил ҳам тумандаги К-2-7 ва К-6 коллектор тармоқларини, жумладан, 182,9 километр узунликдаги коллекторни таъмирлаш-тиклаш ҳамда 157,1 километр узунликдаги ёпиқ-ётиқ коллекторни таъмирлаш режалаштирилган. Агар объектдаги иш тўлиқ ниҳоясига етказилса, туманнинг 7,2 минг гектар далаларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ҳосилдорлик анча кўтарилади.
Бу объектда пудратчи корхона – «Эшназар Инвест» МЧЖ қурувчилари томонидан 5 миллиард 76,8 миллион сўмлик иш бажариш белгиланган бўлиб, қурувчилар томонидан бугунги кунгача 4 миллиард 170,3 миллион сўмлик иш қилинган. Бундан ташқари, пудратчи ташкилот аъзолари шу объектларни таъмирлаш жараёнида 18 та қувурли ўтиш жойини ҳам тиклашлари, 25 дона кузатув қудуқларини таъмирлаб, «Дайвер» қурилмаларини ҳам ўрнатишлари лозим. Йил якунланишига саноқли кунлар қолаяпти, қурувчилар иши эса негадир суст. Ушбу объектда юзага келган сусткашлик сабабларини аниқлаш ҳамда муаммоларни зудлик билан бартараф этишга пудратчи корхона аъзоларига амалий кўмаклашиш мақсадида «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси раҳбарияти семинар ташкил қилди. Лойиҳа назоратчилари ахборотлари эшитилиб, пудратчи ташкилот мутахассисларига техника сонини кўпайтириб, ишни тез ва сифатли адо этиш топшириғи берилди.
Семинарда Сурхондарё вилоятининг 17 та ирригация ва 2 та мелиорация объектларида қуриш, реконструкция қилиш ҳамда 13 та мелиоратив объектларида тизимли таъмирлаш-тиклаш юмушларини ўз зиммасига олган пудратчи корхоналар раҳбару муҳандислари иштирок этиб, улардан бажарилган ишлар ҳажми, сифати, муддатнинг ўтказиб юборилаётгани сабаблари, камчиликларни бартараф қилиш юзасидан бажараётган чора-тадбирлари ҳисоботи бирма-бир сўралди ва масъулларга декабрь ойининг иккинчи декадасигача барча ишларни якунлаш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати