Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бошқа масалалар қатори келгуси йилнинг “Каналларни бетонлаштириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинганлиги Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизим ташкилотлари мутахассисларини янгича тартибда ишлаш, мавжуд суғориш тармоқларини бетонлаштиришга тайёрлаш чора-тадбирларини излашга даъват этмоқда.
Биринчи навбатда ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки вилоятнинг барча тоифа хўжаликлари ҳудудида жами 12321 километр ички суғориш тармоқлари мавжуд бўлиб, уларнинг 3826 километри бетонлаштирилган. Қолган 8 минг километрдан зиёд ички суғориш тармоқлари тупроқ ўзанли бўлиб, ҳар йилги суғориш мавсуми даврида каналлар орқали етказиб берилаётган обиҳаётнинг 30 фоиздан кўпроғи жануб қуёшида буғланиши ва ерга сингиб кетиши туфайли йўқотилмоқда.
– Куни-кеча мамлакатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб чора-тадбирлар ишлаб чиқдик, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ бошлиғининг ўринбосари Тўлқин Маҳмудов. – Биринчи навбатда тупроқ ўзанли ички канал, шоҳариқ ва ариқларни бетонлаштириш режалаштирилди. Жорий йилнинг охири ва келгуси йил давомида жами 360 километр тупроқ ўзанли ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилади. Бу иш тўлиқ якунига етказилгач, йилига 200 миллион куб метр обиҳаёт тежалади ва тежалган сув ҳисобига 36 минг гектар экин майдонларини қўшимча сув билан таъминлаш имконияти вужудга келади.
Айни кунларда вилоятнинг бир неча туманида ички суғориш тармоқларининг тупроқ ўзанли қисмларини бетонлаштиришга киришилди. Жумладан, Ангор тумани ирригация бўлими мутахассислари маҳалла фаоллари, фермер хўжаликлари ва “Ангор замин кластер” МЧЖни ҳомийликка жалб қилиб, ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришмоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати