Бойсун тумани – тоғли ҳудуд. Бойсуннинг текис майдонларида деҳқончилик қилиш, аҳолини иш ва даромадга эга бўлишига эришиш кўп жиҳатдан қиш ҳамда баҳор ойларида осмондан тушадиган қор ва ёмғирларга боғлиқ. Тоғли ҳудудда қор кўп тушиши ва айниқса баҳор ойлари серёғин келганда қор сувлари аралашиб, сел сувлари тошади ҳамда кўп жойларни ювиб, сойларга тушиб ерга беҳуда сингиб кетади. Узоғи билан 15–20 кун давом этадиган сел сувларини йиғиш ва айни экинлар парвариши даврида сув тақчиллигини юмшатиш мақсадида анча вақт илгари «Ҳангаронсой» сел сув омборини қуриш бошланганди. 2016–2020 йиллар мобайнида бир неча қурувчи ташкилотлар бунёдкорлари томонидан ушбу сел сувларини йиғиш омборини барпо этиш юзасидан 80 фоиз ишлар амалга оширилган. Сўнг маблағ етишмовчилиги ва бошқа сабабларга кўра, бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолганди.
Президентимизнинг жорий йил 16–17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф чоғида сув исрофгарчилиги олдини олиш ҳамда тежаш мақсадида мутасаддиларга воҳадаги 47 та канални бетонлаштириш бўйича икки йиллик дастур тайёрлаш, сув йўқотиши кўп бўлган 6 та канални таъмирлаш, 2024 йилда «Шеробод магистрал» каналини таъмирлашга 60 миллион доллар жалб этиб, 90 минг гектар экинзорларни кафолатли обиҳаёт билан таъминлаш, Бойсун туманида «Ҳангаронсой» сел сув омбори қурилишининг иккинчи навбатига киришиб, қолган ишларни ниҳоясига етказиш юзасидан топшириқлар берилганди.
Топшириқлар ижросини таъминлаш учун Бойсун тумани ҳокими Баҳодир Шукуров, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбару мутахассислари ҳамда нуронийлар иштирокида «Ҳангаронсой» сел сув омборини қуриш, объектнинг иккинчи навбати қурилишини бошлаб, қурилиш ишларини тугалланмай қолган қисмини якунлаш олдидан жонлиқ сўйилиб, қуръон тиловат қилинди. Объект қурувчисига бунёдкорлик жараёнида лойиҳа бўйича иш бажариш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. Объектдаги ишларни тез ва сифатли уддаланишини жамоатчилик томонидан назоратини кучайтириш ниятида нуронийлар ва меҳнат фахрийларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.
– Президент топшириғида кўзда тутилган қурилиш ишларини сифатли адо этиш ниятида «Ҳангаронсой» сел сувларини йиғиш омборида фавқулодда сув ташлама иншоотининг қолдиқ иш ҳажмларини тугаллаш учун 5700 куб метр ер ҳамда 700 куб метр бетон ишларини бажариш, дамбанинг чап қирғоғидаги 40 та нуқтада инъекция қилиш, 12 дона пизометрларни ўрнатиш, 3 та хизмат ва диспетчерлик уйчаларини жиҳозлашни якунлаш, электр линия тортишни поёнига етказиш, сел сув омборининг 425 метр узунликдаги дамбасини тўлиқ реконструкция қилиш, сел сувларини тўплаш омборининг атрофини темир панжаралар билан ўраш ва кенг миқёсли ободонлаштириш ишларини уддалаш режалаштирилган, – дейди «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Тошбоев. – Тажрибали қурувчи Неъмат Иргашев раҳбарлигидаги «Фахриддин» МЧЖ бунёдкорлари ишни бошлаб юборган.
– «Ҳангаронсой» сел сувларини тўплаш омбори қуриб битказилгач, ҳар йили баҳор ойларида рўй берадиган сел тошқинларидан сойларга оқиб, ерга беҳуда сингиб кетадиган сувнинг 6,5 миллион метр кубини йиғиш имкони туғилади, – дейди Бойсун тумани ирригация бўлими бошлиғи Элмурод Қулмирзаев. – Натижада сел сувлари собиқ «Бойсун» ширкат хўжалиги ҳудудидаги «Кўлқамиш», «Кофрун», «Ғайрат» массивларидаги далаларга «Тўғиз» ва «Олов» шоxариқлари орқали етиб боради ва зироатлар парвариши жараёнида обиҳаёт таъминотидаги муаммо ҳал қилинади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати