Жорий йилда Бухоро вилоятидаги мавжуд 3070 та пахта ва ғаллачилик, 1158 та боғдорчилик ва узумчилик, 764 та чорвачилик фермер хўжаликлари ҳисобидаги 360 километр ички суғориш тармоқларини тўлиқ бетонлаштириш ва шу орқали сув сарфини кескин қисқартириш ва суғориш ишлари самарадорлигини ошириш ҳаракатига жиддий киришилган.
Бугунги кунда Қоровулбозор туманида жами суғориладиган экин ери 16 минг 800 гектар бўлиб, уларга 5 та хўжаликлараро канал ва 13 та сув тақсимлаш иншооти орқали обиҳаёт етказиб берилмоқда. Шунинг баробарида сув йўллари таъмири босқичма-босқич олиб борилмоқда. Жумладан, мавжуд каналларнинг 1,5 километр қисми, “Қоровулбозор” марказий каналининг 300-310-пикетлари оралиғи ўтган йили агрокластер ҳамда фермер хўжаликлари томонидан бетонлаштирилган бўлиб, яна 22 километр масофадаги сув йўли тозаланган. Айни кунда туманда сув йўлларини бетонлаштириш ишларини давом эттирмоқдалар.
– Ҳозирда Навбаҳор, Бўзачи ва Жарқоқ ҳудудларидаги хўжаликлараро сув тармоғи 66 километрдан зиёд бўлиб, шундан 2023 йил кузидан 2024 йил эрта баҳор мавсумдагача 54 километр ариқни бетонлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилган, – дейди туман ирригация бўлими бошлиғи Раҳматулло Яҳёев. – Биргина жорий декабрь ойида ҳудуддаги 16 километр ариқни бетонлаштириш ишлари жадал бормоқда. Амалда бажарилган иш ҳажми 5 километрни ёки 32 фоизни ташкил этмоқда. Кундалик ўрганишлардан кўринишича, хўжаликлараро ички тармоқлардан кунига 300–350 метр қисми бетонлаштирилмоқда.
Манзилли олиб борилаётган ишларга тўхталсак, ҳозирда “Бўзачи” МФЙ да фаолият юритаётган “Эмир Мурод”, “Яҳё Жавоҳир”, “Жарқоқ” ҳудудидаги “Зарафшон-Нурафшон”, “Шаҳрузбек замини” ҳамда “Ark Eko Tekstile Сluster” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластери экин ерларига сув борадиган ариқлар ўзанининг 200 метрдан 600 метргача қисми бетонлаштирилмоқда.
Умуман, сув тақчиллиги тобора сезилаётган ҳозирги пайтда вилоятнинг барча туманларида экин ерларига борадиган ариқларни бетонлаштириш ишлари жадал бормоқда. Зеро, бундай канал ва ариқларда сув равон оқади ва асосийси, бебаҳо табиат неъмати ерга беҳуда сингиб, кўп миқдорда исроф бўлишининг олди олинади.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати