Аму-Сурхон ИТҲБ маъмурий биносида барча тизим ташкилотлари ва туманлар ирригация бўлимлари, «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси, мелиоратив экспедиция, насос станциялари ва энергетика бошқармаси раҳбару мутахассислари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Ҳавза бошқармаси раҳбари Ботир Алимов бошқарган йиғилишда Президентнинг 2021 йил 24 февралдаги «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларнинг тизим ташкилотларида ижроси танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Сув ресурсларидан фойдаланиш ва сув сарфини аниқ ҳисоб-китобини юритишда ирригация тизим бошқармалари ва ирригация бўлимларида фаолият кўрсатаётган гидрометр мутахассисларнинг хизмати катта. Аммо бугун вилоят сув хўжалиги ташкилотларида ишлаётган 95 нафар гидрометрнинг 31 нафари олий маълумотли.Уларнинг ҳам 8 нафари ирригация ва қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган олийгоҳларни битирган. Гидрометр лавозим штатларини олий маълумотли мутахассислар билан тўлдириш масаласи ҳар бир йиғилишда икки ойдан бери муҳокама қилиниб, қатъий топшириқлар берилаётганига қарамай ўзгариш сезилмаяпти. Ҳамон тизимдаги гидрометр штатларининг 64 тасини ўрта маълумотли шахслар банд этиб келаяпти. Ваҳоланки, ҳар йили воҳа ёшлари орасидан ирригация олийгоҳларини битириб келаётган мутахассислар ишга жойлаша олмай, бошқа соҳаларга кетиб қолаяпти. Йиғилишда тизим ташкилотлари раҳбарларига ўрта маълумотли ишчиларни бошқа вазифаларга жойлаштириб, гидрометр лавозимларига олий маълумотли мутахассисларни жалб этиб, жойлаштириш топшириғи берилди. Шунингдек, тизим ташкилотларидаги диспетчерлик хизматида меҳнат қилаётганларнинг ҳам асосий қисмини ўрта маълумотлилар ташкил этаётгани муҳокама қилиниб, бу лавозимларни ҳам олий маълумотли мутахассислар билан тўлдириш вазифаси юклатилди.
Тобора тақчил бўлиб бораётган сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва тежаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Президентимиз Сурхондарёга ташриф чоғи воҳадаги каналлар бетонлаштирилмагани, насос станциялари эскиргани, канал ва бошқа суғориш тармоқлари таъмирталаблиги боис оқиб турган обиҳаётнинг 35 фоиз қисми то далаларга етиб боргунича йўқотилаётганлигини айтиб, канал ва бошқа суғориш тармоқларини бетонлаштиришга жиддий киришиш топшириғи берилган эди. Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида тизим ташкилотлари имкониятларини чамалаб кўриб, 360 километрдан ортиқ каналлар ва бошқа суғориш тармоқлари ҳамда ички суғориш тармоқларининг катта қисмини бетонлаштириш чоралари белгиланганди. Йиғилишда ушбу масала ҳам кенг муҳокама қилинди ва сифатга эътибор бериш, фермер хўжаликлари, кластер ташкилотлари раҳбару мутахассисларини ҳомийликка жалб қилган ҳолда айниқса ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришни жадаллаштириш топшириқлари берилди. Сувдан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланишнинг энг қулай усули бу – ғалла ва пахта етиштириладиган майдонларда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилишдир. Афсуски вилоятдаги фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларида тежамкор технологияларни жорий этиш суст ташкил қилинаётир. Денов, Шеробод, Қумқўрғон туманлари ирригация бўлимлари мутахассислари истеъмолчилар билан ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш юзасидан шартномаларни расмийлаштиришни ҳанузгача тўлиқ якунлашмагани танқид қилинди. Қизириқ, Қумқўрғон, Бандихон, Сариосиё, Узун, Шўрчи, Термиз туманлари ирригация бўлимлари раҳбарларига шартномаларни тезроқ расмийлаштириш ва молиявий муассасаларга тақдим этиш топшириғи берилди. Денов, Шеробод, Қумқўрғон туманлари ирригация бўлимлари раҳбару мутахассислари вазифаларига нисбатан масъулият ҳис этмаётганликлари туфайли ҳанузгача 2024 йилда истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш аҳволи ўлда-жўлда.Мазкур туманларда махсус хизмат ҳисоб рақамига кўрсатилган хизматлар учун маблағ ундириш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сабабли ҳар учала туман ирригация бўлимлари бошлиқларига ҳайфсан ҳамда Узун тумани ирригация бўлими раҳбарини эгаллаб турган вазифасидан бўшатиш жазолари тайинланди.
Каналлар, шохариқ ва ариқларга оқиб турган обиҳаёт, насос станцияларидан чиқиб турган сув ҳажми ва электр энергияси сарфини аниқ ҳисобини чиқаришда замонавий ўлчов жиҳозлари ва қурилмаларидан фойдаланиш ҳамда ўрнатиш муҳим вазифалардан биридир. Икки йилдан ортиқ вақтдан буён тизим ташкилотлари ва мутахассисларига маҳаллий бюджет ва ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан «Ақлли сув», «Дайвер» қурилмаларини ўрнатиш, насос станцияларида сув ва энергия иқтисодини онлайн ўлчаш жиҳозларини қўйиш топшириғи берилганига қарамай, ирригаторлар томонидан ҳар хил важлар билан қурилмалар тўлиқ ўрнатилмаган. Бундан бир ой муқаддам республика бюджетидан маблағ ажратилганига қарамай, қурилмаларни ўрнатишда ўзгариш сезилмаётгани муҳокама қилиниб, масъуллардан сабаблари сўралди. Маблағдан мақсадли ва самарали фойдаланиб, қурилмаларни ўрнатиш ишларини тезроқ якунлаш вазифаси ҳар бир тизим ташкилотлари зиммасига юкланди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати