Ассалому алайкум, форум иштирокчилари!
Бугунги мулоқотимизда қатнашаётган қадрли ёшлар!
Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун ҳурматли Президентимиз бор куч ва имкониятларни ишга солмоқда. Бугун ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг муҳим вазифасига айланган.
Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 33 300 нафар ходим ишлайди. Шундан 3 630 нафарини ёшлар ташкил этади. Улардан 1 675 нафари олий маълумотли.
Бу йил ёш кадрларнинг олтин захирасини яратишга қаттиқ бел боғлаб киришдик. Қуйи бўғиндаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлигига ёшларни қўйиш, уларни тарбиялаш, тажрибасини ошириш, қўллаб-қувватлашни шахсан ўзим назоратга олдим. Натижада бугунги кунда раҳбар лавозимларда ишлаётган ёшларимиз сони 152 нафарга етди.
2023 йил январь ойида “Ёш мутахассисларни танлаш дастури”га мувофиқ танлов эълон қилиниб, олий ўқув юртлари битирувчи талабаларидан ҳужжатлар қабул қилинди. Тест ва суҳбатдан муваффақиятли ўтган 16 нафар номзод танлаб олинди. Улар устозга бириктирилиб, 6 ойлик стажировка ўтадилар. Кейин барчасини вазирлик тизим ташкилотларига ишга олдик.
Бу анъанани давом эттирган ҳолда, 2024 йил январь ойида ҳам битирувчиларни вазирликнинг тизим ташкилотларида ишга олишдан олдин саралаш, уларнинг стажировкасини ташкил этиш бўйича танлов эълон қиламиз.
Вазирлик тизим ташкилотларига ҳар йили олий ўқув юртларининг 500 нафар битирувчи ёшлари ишга қабул қилинмоқда. Бу эзгу ҳаракат келгуси йилларда ҳам давом эттирилади. Ёш мутахассисларнинг касбий маҳоратларини ошириш мақсадида уларни тажрибали мутахассисларга бириктириш, “устоз-шогирд” тизими йўлга қўйилган. Шу билан бирга, уларнинг ишни пухта ўрганиши, соҳага кўникиб кетиши тизимдаги ҳар бир раҳбар олдига масъулият этиб белгиланган. Шахсан ўзим қайси ҳудудга бормайин, албатта, вақт топиб ёшлар билан учрашаман. Уларнинг қандай меҳнат қилаётгани, ҳаётга қизиқишларини ўрганаман, муаммолари бўлса, жойида ечим топишга ҳаракат қиламан.
Барча тизим ташкилотларимизда ёшларнинг бошланғич ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашим керак, вазирликнинг ёшлар етакчиси бевосита менинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчим ҳисобланади.
У орқали Сизларнинг ўй-хаёлларингиз, орзу-истакларингиз, қувончу-ташвишларингиз, муаммоларингиздан хабардор бўлиб тураман. Яна бир карра айтаман, эшигим ёшлар учун ҳамиша очиқ. Таклиф ёки муаммолари билан келган ёшларни қабул қилишга, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга доим тайёрман.
Халқимизда “Сув – зар, сувчи – заргар” деган нақл бор. Сувчини заргарга тенглаган халқимиз миробларни азалдан қадрлаган, уларга ҳамиша давранинг тўридан жой берган. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мироблар орасидан буюк инсонлар етишиб чиққан. Мисол учун, шоир ва тарихчи Огаҳий мироб оиласида дунёга келган, ўзи ҳам мироблик қилган. Давлатимиз раҳбари мана шу биз ўқиган олий ўқув юртида таълим олган, ёшларга етакчилик қилган.
Савобли касб эгалари бўлган сувчилар орасида ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётган ғайратли ёшлар жуда кўп. Биз сувчи ёшларимизнинг тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг тижорат банкларидан кредит олишларига ёрдам берамиз.
Бошқа соҳалар билан солиштирганда сув хўжалиги ходимларининг маоши камроқ. Лекин, имкониятларимиз кўп. Сувимиз, фойдаланадиган еримиз бор, ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиб, қўшимча даромад олиш имкониятлари етарли. Ёшларни қўллаб-қувватласак, савобли касбимиз сирларини ўргатсак ва ҳалол ризқ инсонга ҳаловат олиб келишини тушунтирсак, улар асло кам бўлмайди.
Шу ўринда Президентимизнинг ёшларга берган маслаҳатини эслатиб ўтмоқчиман: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!
Бу ишларда Сиз ёшлар ўзларингизни кўрсатиб, ғайрат-шижоатингиз, ташаббусингиз билан бизга доимо кўмакчи ва камарбаста бўласиз, деган умиддаман.
Азиз ёшлар!
Сиздаги шижоат, ғайрат ва ватанпарварлик янада юксалаверсин.
Ўзининг ҳалол меҳнати билан юртимиз ободлигига ҳисса қўшаётган Сиз каби ёшларнинг сафи кенгаяверсин.
Ҳаёт йўлингиз равон ва порлоқ бўлсин!