Президентимиз раислигида шу йилнинг 20 декабрь куни тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида «IT соҳасини ривожлантиришсиз давлат, жамиятда ривожланиш бўлмайди», деган фикр илгари сурилди.
– Юртбошимизнинг бу фикрлари сув хўжалиги соҳасига ҳам дахлдордир, – дейди Термиз тумани ирригация бўлими Ахборот технологиялари ва рақамли технологияларни жорий этишга масъул ходими Дилмурод Ёрматов. – Чунки иқлим ўзгариши, дарёларда обиҳаёт миқдори йил оша камайиб бораётган пайтда мавжуд сув ресурсларидан тежаб фойдаланиш деҳқондан тортиб, сув хўжалиги мутахассисларининг асосий бурчи ва вазифасига айланмоғи шарт. Президентимиз таъкидлаганидек, каналлар ва шохариқ, ариқларда оқиб бораётган ва истеъмолчи экин майдонларига етказиб берилаётган обиҳаётнинг аниқ ҳисоб-китобини чиқариш ва истеъмолчи томонидан сарфланган сувнинг ҳисобини аниқлашда рақамли технологияларнинг аҳамияти ғоят катта.
Ёш мутахассис Дилмурод Ёрматов куйинчаклик билан билдираётган фикрларига қўшилган ҳолда Термиз туманидаги суғориш тармоқларида «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш ҳолати билан танишдик. Ўтган вақт мобайнида туман ҳудудидан ўтувчи ҳамда туманнинг барча турдаги экин экиладиган далаларига сув етказувчи «Ғарбий», «Шарқий», «Каттақум-Р-1», «Каттақум-Р-2», «Термиз» ва бошқа каналларга жами 15 та замонавий сув ўлчаш қурилмалари ўрнатилган. Маҳаллий бюджетдан анчадан бери маблағ ажратилмаётгани ҳисобига ирригаторлар қолган каналлар ва шоҳариқларга «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатишда сусткашликка йўл қўйишаётганди. Яқинда республика бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобига ҳозирда «South Air» МЧЖ вакиллари туман ирригация бўлими билан шартнома тузиб, яна 10 та «Ақлли сув» қурилмаларини белгиланган каналларга қўйиб чиқишаяпти. Дилмурод Ёрматовнинг таъкидлашича, аввал қўйилган қурилмаларни ўрнатган мутахассислар улардан қандай фойдаланишни ўргатган мутахассислар ҳозирда тизимда меҳнат қилишмайди. Шунинг учун МЧЖ мутахассисларига ирригация бўлимининг уч нафар ходими бириктирилиб, қурилмаларни ишлатиш, тўхтаб қолганда созлаш, вазирлик серверига маълумотларни тўлиқ етиб боришига хизмат қилувчи сим карталарни алмаштириш ва бошқа жиҳатларини ўрганишмоқда.
Айтиш керакки, шу кеча-кундузда Аму-Сурхон ИТҲБнинг бошқа тизим ташкилотларида ҳам «Ақлли сув», ва «Дайвер» қурилмаларини ўрнатиш ишлари жадал кетмоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати