Аму-Сурхон ИТҲБ таркибидаги ташкилотлар орасида «Сурхон-Шеробод» ирригация тизим бошқармаси жамоасининг юки бошқа ташкилотларга нисбатан анча залворли. Бошқарма тасарруфида умумий узунлиги 113,5 километрдан иборат 33 та йирик канал бўлиб, бу суғориш тармоқлари орқали жамоа аъзолари вилоятнинг Узун, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Қизириқ, Шеробод, Бандихон, Термиз туманларининг жами 269,2 минг гектар экин майдонларига обиҳаёт тақсимлашади. 191 нафар мутахассис жамланган ирригация тизим бошқармаси жамоаси юқорида номлари зикр қилинган туманлар ҳудудидаги йирик каналларда сув равон оқиши, обиҳаётнинг истеъмолчилар даласига тенг тақсимланиши, ушбу суғориш тармоқларини хавфсиз эксплуатация қилиш, доимий равишда таъмирлаш каби юмушларни виждонан адо этиб келишаётир.
Каналларда 2023–2024 йиллар кузги-қишки ишларни амалга ошириш режасида белгиланган юмушлар сифатли уддаланаяпти. Носуғориш мавсумидан унумли фойдаланиб қолиш учун биринчи навбатда хўжаликлараро каналларнинг лойқа ва чиқиндилардан тўлиб қолган қисмини тезроқ механизмлар ёрдамида тозалаш чораларини кўришмоқда. Бундан ташқари, каналлардаги гидротехник иншоотлар ва гидропостлар таъмири ҳам ҳамжиҳатликда давом эттирилаётир. Бугунгача 34 та гидротехник иншоотнинг 24 таси, 30 та гидропостнинг 22 таси сифатли таъмирдан чиқарилди. Таъмирланган гидротехник иншоот ва гидропостлар умрини узайтириш мақсадида мойланиб, бир йўла бўёқланмоқда.
– Вилоятдаги учта тоифаланган муҳим объект – «Тўпаланг», «Жарқўрғон», «Шеробод» сув тақсимлаш иншоотларига ҳам жамоамиз мутахассислари масъул, – дейди «Сурхон-Шеробод» ИТБ бошлиғи Шайдулла Раҳмонов. – Бу иншоотларни хавфсиз ва техник соз ҳолатда эксплуатация қилиш, доимий назорат қилиб бориш, навбатчи мутахассислар ҳушёрлигини ошириш ва кузатувни ташкил қилиш, таъмирталаб қисмларини доимий таъмирлашга жиддий эътибор берилаётир. Яқинда ходимларимиз «Тўпаланг» сув тақсимлаш иншоотида Ўнг қирғоқ каналининг бош қисмидаги яроқсиз ҳолга келган бетон қопламаларни қайта бетонлаб чиқишди. Шунингдек, мавжуд 9 та сув чиқариш дарвозасининг кўтариб тушириш мосламалари ҳамда электр двигателлари янгисига алмаштирилди. Ушбу дарвозаларнинг чириб кетган резиналари ўрнига янгилари қўйилди. Диспетчерлик биносининг ички ва ташқи қисми таъмирланиб, яроқсиз бўлиб қолган электр жиҳозлар ва кабелларни алмаштирдик. Преметр бўйлаб ёритиш тизимлари янгиланди. Эндиликда мутахассисларимиз иншоотнинг сув ташламаси мустаҳкам бўлиши учун арматура ётқизиб, бетонлаштириш билан банд.
Жамоа аъзолари каналлар атрофида, гидроучасткаларда ҳамда хизмат уйлари теварагидаги бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар яшнаб туриши, келгусида сояси ва меваларидан баҳраманд бўлиш мақсадида жорий йилнинг эрта баҳори ва октябрь-ноябрь ойлари давомида 90 минг туп ҳар хил дарахт, ниҳол кўчатлари ва қаламчаларини экиб чиқишди. Хусусан, каналлар бўйига 18,5 минг туп япон тути экилди. Сув етакловчилар эндиликда ёш кўчат, ниҳол ва қаламчаларни қаровсиз қолдирмаслик, ҳеч бўлмаганда 80 фоизи кўкариши учун парваришлашни агротехника талаблари асосида олиб боришаётир.
Бошқарма ишчи-хизматчилари сув ресурсларини самарали бошқариш, обиҳаётдан оқилона фойдаланиш, каналларда оқадиган ва истеъмолчиларга етказиб бериладиган сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш мақсадида 33 та йирик каналларнинг барчасига жами 90 та «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиб бўлишди. Ҳозирда пудратчи ташкилот вакиллари билан каналларга қўйилган қурилмаларни вазирлик сервери билан интеграция қилиш ишлари амалга оширилаётир.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати