Ассалому алайкум!
Сув келтирган элда азиз, дейдилар. Савобли касбни танлаб, сувни бошқариб, юрт дастурхони тўкислигига ҳисса қўшаётган сув хўжалиги ходимларини Янги йил байрами билан самимий табриклайман.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси кенгаши, СOP-28 ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда жаҳон жамоатчилиги эътиборини шу муаммога қаратиб, сув танқислигини юмшатиш бўйича янги ғояларни илгари сурдилар.
Юксак эътибордан руҳланиб, миробларимиз вазифасини сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажариб, соҳадаги қийинчилик ва машаққатларни матонат билан енгиб келишмоқда.
Олдимизга 2024 йилда 8,0 млрд. куб метр сувни тежаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш вазифаси қўйилган.
87 та ирригация ва 54 та мелиорация объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Бунинг натижасида 145,0 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти, 30,6 минг гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
Ирригация тармоқларига 6 113 та “Ақлли сув”, мелиоратив кузатув қудуқларига 2 647 та “Дайвер” қурилмаси ўрнатилади, 13 та йирик сув хўжалиги объектларини бошқариш автоматлаштирилади.
Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор бошқарувига бериш, электр энергиясини тежаш ишлари изчил давом эттирилади.
Хорижий инвестициялар ҳисобидан 7 та лойиҳа доирасида 163,5 млн. доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилади.
Малакали мутахассисларни танлов асосида ишга олиш, ёшларни раҳбар лавозимларга тайинлаш доимо назоратимизда бўлади.
Сув хўжалигида кузги-қишки тадбирлар соҳанинг тақдирини ҳал этади. Каналларни бетонлаш, насос станцияларини таъмирлаш ва бошқа юмушларга алоҳида эътибор қаратилади.
Сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб, олдимизга қўйилган марраларга эришишларига ва ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлашларига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, “Сув текин эмас” деган ғоя остида келажак авлод учун сув ресурсларини асраб-авайлаш бўйича тарғибот ишларига ҳисса қўшишга, обиҳаётни тежаш бўйича оилада, жамиятда ибрат бўлишга даъват этаман.
Сизларни яна бир бор табриклаб, соғлик-саломатлик, оилавий бахт, элимизга ҳамда юртимизга тинчлик ва барқарорлик тилайман.
2024 йил хайрли, янада қутлуғ, серфайз келсин, сувимиз доим мўл ва баракали бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
2023 йил 30 декабрь