Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги «Боботоғ» насос станциянинг биринчи навбати 1976 йили, иккинчи навбати 1982 йили қурилиб, ишга туширилган. Жарқўрғон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Аму-Занг» каналидан 8 та насос агрегатлари ёрдамида сув тортиб, 79 метр баландликдаги каналларга ташлаб берувчи насос станцияси орқали Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларининг 18 минг гектардан ортиқ экин майдонлари обиҳаёт билан таъминланади.
Ушбу объектда насос станциялари ва энергетика бошқармаси бош мутахассислари ҳамда «Сувхўжаликназорат» инспекция вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда амалий семинар ташкил қилинди. Жарқўрғон тумани ҳудудидаги барча насос станциялари жамоалари қатнашган семинарда Сув хўжалиги вазирлигининг вилоятга бириктирилган вакили О.Абдуллаев, Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Т.Кўчкинов, «Сувхўжаликназорат» инспекцияси вилоят бошқармаси мутахассиси А.Исмоиловлар насос станциясида кузги-қишки таъмирлаш ишларининг боришини таҳлил қилдилар. Энерготежамкор қурилмалар ўрнатилишидаги айрим камчиликлар аниқланиб, энергияни тежаш учун насос агрегатларини энерготежамкорларига алмаштириш, вегетация даврида агрегатларни навбат ҳамда режим билан ишлатиш, насос станцияси ички ва ташқи қисмини ёритишда электр қувватини кам талаб қиладиган диодли лампалардан фойдаланиш топшириқлари берилди. Шунингдек, семинар иштирокчиларига насос станцияларида юритиладиган журналларнинг тўғри юритилиши ҳамда ишчи ходимларнинг техника хавфсизлиги қоидалари бўйича йўриқномалар билан таништириш масаласида маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Семинарда бажарилган ишлар муҳокамаси жараёнида насос станциясидаги иншоотларни хавфсиз, ишончли ва техник соз ҳолатда эксплуатация қилиш, иншоотларнинг ёритиш прожекторлари, иншоот ҳимоя дамбалари ва ҳимоя панжараларининг соз ҳолатда сақлаш каби масалаларда йўл қўйилган камчиликлари масъулларга кўрсатилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати