Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги “Қайрағоч” насос станцияси Пискент туманидаги 205 гектар майдонни сув билан таъминлайди. Мазкур насос станциясида бўлиб ўтган амалий семинар таъмирлаш ишларини ташкил этиш, техникаларни эксплатация қилиш, электр энергиясидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш алоҳида аҳамият эга эканлиги таъкидланди.
– Олдимиздан оққан сувнинг қадрига етишимиз керак, энди сув ресурсларига бўлган муносабатимизни тамоман ўзгартиришимиз керак, – деди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бош мутахассиси Т.Қаюмов. – Шунингдек, насос станцияларига ажратилган электр энергияси лимитига қатъий амал қилиш, ресурстежамкор технологиялар ҳисобидан электр энегиясини иқтисод қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Семинарда насос станцияларини таъмирлаш-тиклаш ишларини сифатли олиб бориш зарурлиги қайд этилди
– Насос станцияларини таъмирлаш ва уларни мавсумга тайёрлашга жиддий эътибор зарур, – дейди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ ҳузуридаги НСЭБ бош мутахассиси Т.Бобожонов. – Бу борада малакали мутахассисларни жалб этиш, мутахассис-ходимларнинг малакасини ошириш талаб этилади.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати