Сурхондарё вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси тасарруфида 4 та сув омбори бўлиб, уларнинг энг йириги Қумқўрғон тумани ҳудудида жойлашган «Жанубий Сурхон» сув омборидир. Ушбу иншоот вилоятнинг қоқ марказида жойлашганлиги туфайли бошқарма маъмурияти барча сув омборлари мутахассисларини шу ерга жамлаб, амалий семинар ташкил қилди.
Айни пайтда ушбу сув омборининг ёрдамчи хўжалигида 10 бош қорамол, 40 бош қўй-эчки, 25 бош парранда боқилаётир. Бундан ташқари, қирғоқ бўйи майдонларининг бир гектарига саримсоқ пиёз, шунча ерда буғдой, 80 сотихда пиёз, 60 сотихда сабзи парваришланаётир. Семинар иштирокчиларига барча сув омборларида ана шундай ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиб, ходимларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
Семинар жараёнида «Яшил макон» миллий лойиҳаси бўйича ўтган йилнинг баҳори ва кузида ўтқазилган ниҳоллар парваришига алоҳида эътибор бериш баробарида, бўш турган ерларга турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш топшириқлари берилди.
Шунингдек, семинарда сув омборларида меҳнат қилаётган ходимлар томонидан амалга оширилаётган ибратли ишлар, тажрибаларни бошқаларга оммалаштириш учун матбуот хизмати орқали ёритиш топшириғи берилди ҳамда вилоят, республика миқёсидаги янгиликлардан, хусусан, сув хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор бўлиб бориш учун газета-журналларга обуна бўлиш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати