Cувдан самарали фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш талаби долзарб бўлиб турган бугунги кунда Сурхондарё вилоятида ҳам сувни тежашнинг турли чоралари кўрилаяпти. Таҳлилларга кўра, тежамкор технологияларни қўллаш ҳисобига вилоятда йилига 217 миллион метр куб сувни тежаш имконияти юзага келади. Шунинг учун воҳада сув тежовчи технологияларни кенг майдонларда жорий қилишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, 2024 йил ҳосили учун ғалла парваришлаётган майдонларнинг 16 минг гектарига ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилган.
Бугунги кунгача кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари билан 10,3 минг гектар ғаллазорга ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш юзасидан пудрат шартномалари расмийлаштирилди. Шунингдек, умумий қиймати 25,4 миллиард сўмни ташкил қиладиган 1017 гектарга мўлжалланиб кредит папкалари расмийлаштирилган. Фермер хўжаликлари ҳамда кластер ташкилотлари маблағлари ва тижорат банкларидан олинган кредит ҳисобига 600 гектар ғаллазорда технологияни ўрнатиш мақсадида 778,8 миллион сўм молиялаштирилди. Айни дамгача 25 та субъектнинг 1290 гектар ғаллазорига етадиган технология жиҳозлари келтирилди. Хусусан, пудратчи ташкилотлар – «Omad-start organic», «Dripservis Agro», «Махsussuvxizmat» МЧЖлар мутахассислари томонидан 13 та хўжалик юритувчи субъектнинг 408 гектар ғаллазорида қурилиш ишлари бошланиб, 6 та фермер хўжалигининг 123 гектар ғаллазорида ёмғирлатиб суғориш технологияларини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланди ҳамда фойдаланишга топширилди.
– Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, суғоришни бу усулда ташкил қилишга қарор қилган фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларига ҳар жиҳатдан қулайлик яратиш ҳамда имтиёзлар бериш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш шуъбаси бош мутахассиси Фаррух Алиев. – Шубҳасиз, қарорда белгилан топшириқлар ижросини бажариш юзасидан вилоятда ишлар янада жонланади ва суғоришнинг бу усулида иш юритишни хоҳловчилар сафи янада кенгаяди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати