Сурхондарё вилояти суғориладиган ер майдонларининг қарийб 80 фоизи дарёлар ва каналлардаги насос агрегатлари орқали тортиб чиқариладиган обиҳаёт ҳисобига суғорилади. Сир эмаски, ҳозирда фаолият кўрсатаётган насос станцияларининг айримлари ишга туширилганига 35–40 йилдан ортиқ вақт ўтган. Улардаги агрегатлар ва двигателларни насосчилар доимий техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, яроқсиз ҳолга келган жиҳозларни янгисига алмаштириш эвазига умрини узайтириб келмоқда.
Айни кунларда Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси меҳнат жамоаси носуғориш мавсумидан унумли фойдаланиб, мавжуд 113 та насос станцияларидаги агрегатлар, электр двигателлар ва бошқа ускуналарни созлаш ҳамда янгисига алмаштириш бўйича кенг кўламли таъмирлаш ишларини қизғин давом эттиришаяпти.
Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бош ҳисобчиси Умид Ғофуров тақдим этган маълумотга кўра, янги йилнинг дастлабки декасида республикадаги «Сувмаш» корхоналаридан 1 миллиард 750 миллион сўмлик ротор, футулка, колсо, задвижка, подшибник, сальник, литол ва бошқа зарур эҳтиёт қисмлар келтирилиб, насос станцияларига тарқатилган.
Айтиш керакки, насос станциялари ва энергетика бошқармаси мутахассислари насос станцияларидаги ҳолатни ўрганиб, бошқа керакли эҳтиёт қисмларга ҳам буюртма берилган. Шунингдек, мавжуд имкониятлардан ҳам унумли фойдаланиб, насос станцияларидаги барча асбоб-жиҳозларни сифатли созлаб, суғориш мавсумига пухта шайлаш чоралари кўрилмоқда. Бу эса суғориш мавсумида насос станцияларидаги агрегатлар ва электр двигателларни бетўхтов ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати