Денов тумани ирригация бўлимида сув хўжалиги тизими ташкилотларини малакали олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, юридик хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш, ижро интизоми ва ҳужжатлар билан ишлаш мавзусида семинар ўтказилди. Туман ирригация бўлими ҳамда сув хўжалиги махсус хизмати ходимлари, канал бошлиқлари, илғор сувчилар қатнашган семинар танқидий-таҳлилий руҳда ўтди.
Семинарда таъкидландики, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкилотлардаги бош гидрометр лавозимига олий маълумотли, тажрибали, гидрометрия илмини пухта эгаллаган мутахассисларни жойлаштириш топшириғи берилганлигига қарамай, Денов тумани ирригация бўлими бош гидрометри лавозимида ўрта маълумотли ходим фаолият кўрсатмоқда. Деновдай катта туманда бош гидрометр вазифасига лойиқ олий маълумотли мутахассисни танлаб қўйишда бўлим раҳбарияти бепарволарча муносабатда бўлаётгани танқид қилиниб, бу лавозимга тезроқ олий маълумотли етук мутахассисни жойлаштириш топшириғи берилди. Шунингдек, ўтган йили ирригация бўлими қошидаги сув хўжалиги махсус хизмат шуъбасига ишга қабул қилинган айрим ёш кадрларнинг кетиб қолиши сабабига ойдинлик киритилиб, яқин кунларда ирригация бўлими ва унинг таркибидаги сув хўжалиги махсус хизмати шуъбаси негизида тузиладиган «Сув етказиб бериш хизмати» ташкилотига ишга қабул қилишда кўпроқ олий маълумотли ёш кадрларни жалб қилишга эътиборни кучайтириш, ёш кадрлар соҳада муқим ишлаб қолиши учун уларни раҳбарият ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарурлиги ҳақида тавсиялар берилди.
Семинар иштирокчиларини қизиқтирган асосий масалалардан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан келиб чиқадиган вазифалар бўлди. Аму-Сурхон ИТҲБ ҳуқуқшуноси семинар қатнашчиларига аввало ирригация бўлимида соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган талабларни бажариш кераклиги ҳақида, бу масалада йўл қўйилган хато-камчиликларни тузатиш юзасидан ўз фикрларларини айтиб ўтди. Янгидан тузиладиган ташкилот вазифалари, истеъмолчи билан сув етказиб берувчилар ўртасида тузиладиган шартномалар, сув тежовчи технологияларни даласига жорий қилаётган деҳқонларга кредит ва субсидия ажратиш тартиблари ҳақида батафсил тушунча берилди.
Семинарда ирригация бўлими ходимлари томонидан ижро интизомига амал қилиш ҳамда ҳужжатлар билан ишлаш, хусусан, фуқаролардан тушаётган ариза-мурожаатларга ўз вақтида чора кўрмаслик ва аризачиларга қаноатлантирадиган жавоб қайтармаслик ҳолатлари бот-бот такрорланаётгани далиллар орқали таҳлил қилиниб, бу ишга масъул ходим вазифасига нисбатан совуққонлик билан муносабатда бўлаётгани танқид қилинди. Сув хўжалиги вазирлиги, ҳавза бошқармаси, маҳаллий ҳокимият томонидан келаётган буйруқ, фармойиш, қарорларни ўз вақтида тегишли мутахассисларга етказиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати