2023 йил Давлат дастури доирасида мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларида жами 16 дона (5 дона йилдан-йилга ўтувчи, 11 дона янгидан бошланувчи) объектларга 36 850,0 млн. сўм маблағлар ажратилган. 1 160,4 км узунликда коллектор тармоқлари, 72 дона гидротехник иншоотларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари, 40 дона кузатув қудуқларини автоматик тарзда назорат қилиш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Бугунги кунда 11 та мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланиб, давлат қабул қилиш комиссияси далолатномасига асосан топширилган. Айни пайтда 5 дона йилдан-йилга ўтувчи объектларда таъмирлаш-тиклаш ишлари давом этаяпти.
Семинар ўтказилган Қўштепа туманидаги К-4 коллекторини тизимли тамирлаш-тиклаш (1-босқич) объекти бўйича тендерда “Орзу таъмир қурилиш файз” МЧЖ ғолиб деб топилган. Жорий йилнинг 1 январ ҳолатига 3 552,057 млн. сўмлик ишлар бажарилиб, 3 362,100 млн. сўм маблағ молиялаштирилган. Ушбу коллекторда бугунги кунда 2 дона экскаватор жалб этилиб, жами 154,2 км коллектор тармоқларини тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилган.
Ишлар кўздан кечирилганда, Д2 зовурининг ПК-0+00 дан ПК-3+00 гача бўлган қисмида коллектор откос қияликлари лойиҳа бўйича 1:1 этиб белгиланган бўлсада, лекин 1:0,75 га бажарилганлиги аниқланди. Бош пудратчи “Орзу таъмир қурилиш файз” МЧЖга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, объектни белгиланган график асосида сифатли бажариб, ўз муддатида фойдаланишга топшириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ бошлиғи ўринбосари С.Муратов семинарда сўзга чиқиб, тизим ташкилотлари металлом топшириш бўйича 2023 йил режа-кўрсаткичларини 100 фоизга бажарганини айтиб ўтди.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция бошлиғи З.Исмоилов вилоятда 928 та коллектор мавжуд эканлиги, бугунги кунга қадар барчасига паспорт олиниб, давлат рўйхатидан ўтказилганлигини, бироқ кадастр ишларини расмийлаштириш якунига етказилмаганлигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмати