Ушбу ғояни аҳолига чуқур сингдириш ва буни кундалик турмуш қоидасига айлантириш барчамизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим.
Бугун вазирликнинг Ахборот-таҳлил ва ресурс марказида Президентимизнинг жорий йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишлаб ўтказилган брифинг ва матбуот анжуманида шу фикр қайта-қайта такрорланди.
Тадбир Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Тошкент вилояти мисолида канал ва ариқларни бетонлаштириш, сувдан самарали фойдаланишда сув тежовчи технологияларнинг ўрни ва аҳамияти хусусида маълумотлар берилди.
Ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Алимбековнинг таъкидлашича, жорий йилда вилоятда 1300 км узунликдаги канал ва ариқларни бетонлаштириш режалаштирилган. Бугунги кун ҳолатига 663 км қисми бетонлаштирилди.
Вилоят бўйича сув тежовчи технологиялар қўлланилган экин майдонлари 94 минг гектарни ташкил этади. Бу йил 43 минг 300 гектарда ана шундай технологияларни жорий этиш режалаштирилган.
Айни пайтда 1600 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этишга киришилган. Шундан 660 гектари ишга туширилган.
Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази раҳбари И.Жўраев, Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бош мутахассиси Т.Қаюмов қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар, қарордаги янгиликлар ҳақида фикрларини билдирди.
Қарорга биноан, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилингани, вазирликнинг туман ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилгани айтиб ўтилди.
Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланди. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизи Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг балансидаги объектларни сақлаш ва техник ҳолатини яхшилаш харажатларига йўналтирилади.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларидан тушган саволларга жавоб қайтарилди.
Ахборот хизмати