Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Беруний туманида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ва сув истеъмолчилари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Сув хўжалигидаги ислоҳотларни, шўр ювишга ер тайёрлаш, лазерли текислашнинг аҳамияти, суғориш мавсумига ирригация тармоқлари ва насос агрегатларини тайёрлаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида ташкил қилинган тадбир доирасида куннинг биринчи ярмида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди.
Бу жараёнда журналистлар Беруний туманидаги “Аксакал-ача” насос станциясида бўлиб, насос агрегатларининг суғориш мавсумига шайлиги ҳамда насос станцияларида электр энергияни иқтисод қилиш, таъмирлаш борасидаги ишлар юзасидан масъуллардан жавоблар олишди.
Иккинчи манзилда ОАВ вакиллари ер ости сувлари сатҳини онлайн кузатувчи “Дайвер” қурилмалари билан танишдилар. Маълумот берилишича, Беруний туманида ҳозирги кунгача 93 дона кузатув қудуқларига “Дайвер” ускуналари ўрнатилиб, автоматлашган марказий ахборот тизимига ўтказилди. Барча кузатув қудуқларинининг кўрсаткичлари тўғридан-тўғри интернет орқали юритилмоқда. 2024 йил тумандаги кузатув қудуқларига 61 дона ана шундай рақамли технологияларни ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, тадбир доирасида Беруний туманидаги “Кўчкинов Қудрат” фермер хўжалиги даласида Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда томорқа эгалари иштирокида очиқ мулоқот шаклидаги амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан республикага бириктирилган вакил Н.Атақуловлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича кредитлар ажратиш тизимига киритилган ўзгартишлар ҳақида фермерларга кенг турда маълумот беришди. Жумладан, янги онлайн “Suvkredit.uz” платформаси ҳамда қорақалпоғистонлик фермерларга сув тежовчи технологияни жорий қилишдаги яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтдилар.
Тадбирда Беруний тумани ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масаласи бўйича ўринбосари А.Қазақбоев ҳам сўз олиб, шўр ювиш тадбирини белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказиш учун амалга ошириладиган тадбирлар бўйича сув истеъмолчиларига топшириқлар берди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2024 йилнинг шўр ювиш даври учун Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ва шўр ювиш ишлари учун 1 млрд. 272,0 млн. м3 сув миқдорлари ажратилган. Мазкур даврда 160,8 минг гектар шўр ювиш ва 63 минг гектар ғалла майдонларида суғориш ишларини амалга ошириш режа қилинган.
Суғориш ишларида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шўр ювиш ишларида агротехник қоидаларга, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш мақсадида барча туманларга сув хўжалиги ташкилоти раҳбар ходимлардан масъуллар бириктирилиб, 195 та суғориш отриядлари ташкил қилинди.
Суғориш отриядларига жами 6187 нафар сувчилар, шундан сув хўжалиги ташкилотларидан 1018 нафар тажрибали мироблар ва 5099 нафар кластер ва фермер хўжаликлари сувчилари жалб қилинди.
Бугунги кунда жами манбадан 245,8 млн. м3 сувдан фойдаланилиб, 10 минг 870 гектар ғалла, 38 минг 795 гектар томорқа ва бошқа майдонларда суғориш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, туманларда жами 102 минг 582 гектар майдон шўр ювишга тайёрланиб, 14 минг 969 гектар майдонда шўр ювиш ишлари олиб борилди.
Шўр ювиш ишларини Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида 2024 йил февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаш режалаштирилмоқда.
Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда фермер хўжаликлари раҳбарлари вегетация даврида солиқ солинадиган сув миқдорларининг ҳисоб-китобини юритиш масалаларида ўзларини қизиқтирган саволлар билан масъулларга юзландилар.
Сув хўжалиги масъуллари бу борада жорий қилинаётган тизим, ҳар бир сув олиш қулоқларини талаб даражасида жиҳозлар ҳамда олинган сув миқдорлари ҳақида тумандаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари билан сувни “олди-берди” журналларига қайд этиб бориш зарурлиги каби масалаларда тушунтириш бердилар.
Шунингдек, очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда сув истеъмолчилари шўр ювиш, суғориш мавсумида сувни ҳисоб китобини юритиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби