Бугунги кунда сув хўжалиги ташкилотларини малакали кадрлар билан таъминлаш, гидротехник мутахассисларни доимий равишда замонавий технологиялар асосида билим ва малакаларини ошириб бориш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. “Паркент-Қорасув” ирригация тизими бошқармаси томонидан уюштирилган ўқув курсида ана шу мақсад кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 15 январидан 25 январгача бўлган муддатда мазкур бошқармада фаолият юритувчи 15 нафар гидрометр мутахассислар ва 28 нафар муҳандис-гидротехник ходимлар замонавий сув ўлчовчи технологиялар ёрдамида сувни ўлчаш ва улардан фойдаланиш бўйича мутахассислардан билим олишади.
– Қишлоқ хўжалигида сувга талаб кундан-кунга ортиб бормоқда, – дейди “Паркент-Қорасув” ИТБ бўлим бошлиғи Улуғбек Абдукаримов. – Бугун сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишнинг энг мақбул йўли бу тизимга замонавий технологияларни янада кенгроқ жорий этишдир. Қолаверса, ҳар бир сувчи замонавий технологияни ўзлаштирган бўлиши керак.
Ўқув курслари давомида гидрометр ходимлар тажрибали мутахассислар ёрдамида очиқ каналларда сув оқимини ўлчаш, замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмалари ошириб борилади. Шунингдек, ўқиш давомида гидропостларни метрологик аттестациядан ўтказиш, гидротехник иншоотларни жорий таъмирлаш, улардан фойдаланиш қоидаларини тўғри юритиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади.
Семинар якунида ҳар бир ходим якуний тест имтиҳонлар топшириб малакалари баҳоланди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати