Қоракўл тумани аҳолиси ўртасида эртанги қовоқ етиштириш ва унинг ҳосилидан яхшигина даромад олиш жуда оммалашган. Жорий йилда бу тажрибани туман сувчилари ҳам сув иншоотлари атрофидаги экин ерларида синаб кўришни ният қилишган. Шу мақсад йўлида ҳозиргача амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ.
Қоракўл тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ муҳандис гиротехниги Баҳодир Рустамов хонадонида ташкил этилган иссиқхонада 5 минг туп қовоқ кўчатлари парвариш қилинмоқда. Айни кунда чинбарг чиқарган кўчатларни катта иссиқхоналарга ўтказиш мумкин. Ёки кунлар исий бошлагач, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда очиқ майдонлардаги кичик дугали оддий иссиқхоналарга ҳам ўтказса бўлади.
Туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМ бошлиғи Ҳамроқул Равшановнинг таъкидлашича, тизимдаги барча сув тақсимлаш иншоотларида қовоқ кўчатларни экиш учун ер майдони ва дугали иссиқхона тайёрлаш ишлари бошлаб борилган.
Мутахассисларга кўра, қовоқ – витаминлар манбаи. Унинг таркибида А, C, E, K, Т, PP, шунингдек, ҳазм қилишни яхшилайдиган ва иммунитетни мустаҳкамлайдиган B1, B2, B5 ва B6 витаминлари мавжуд.
Қовоқ таркибида жуда кўп миқдорда қимматбаҳо толалар, каротин ва пектин моддалари, шунингдек, турли хил органлар ва тизимларнинг саломатлигини таъминлайдиган минераллар – калий, кальций, магний, рух, мис, темир ва фосфор каби моддалар мавжуд. Шунинг учун ҳам қовоқнинг организм учун фойдасидан шубҳа қилишнинг кераги йўқ.
Қоракўллик сувчилар республикамизнинг барча ҳудудларидаги ҳамкасбларни эрпапишар қовоқ етиштириб, юқори даромад олишга чақиради.
Шу кунларда уруғ қадашнинг айни вақти.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати