Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида туман ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаларини ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилган. Айни кунларда бу борада Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Ўрта Чирчиқ туманида ташкил этилган семинарда ана шу ҳақда сўз юритилди.
– Сир эмас бугун сув билан боғлиқ муаммолар глобал даражага чиқди, – деди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бош мутахассиси Туроб Қаюмов. – Халқимизнинг сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув – текин» деган тушунчани ўзгартириш даври келди.
Семинарда мазкур ҳужжатнинг мазмун ва моҳиятига тўхталиб ўтилди. Қарорга мувофиқ истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган, юритишдан бош тортган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Сувдан самарали фойдаланишда сув тежовчи технологияларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Қарорда сув тежаш технологиясини жорий қилган истеъмолчиларга солиқ имтиёзлари берилмоқда. Хусусан, сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига ярим камайтирувчи коэффициент қўлланилади.
Семинар давомида сувчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати