Ҳар қатра сувни тежаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш талаби қўйилаётган бугунги кунда истеъмолчиларга етказиб бериладиган обиҳаётнинг аниқ ҳисоб-китобини юритишда замонавий сув ўлчаш асбобларининг аҳамияти катта. Шу боис суғориш тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда сув ҳажми ва сарфини онлайн тарзда ҳисобини олиб борадиган «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада Ангор тумани «Сув етказиб бериш» давлат муассасаси жамоаси ҳам сезиларли ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, 2021–2023 йиллар орасида туман ирригаторларининг саъй- ҳаракати билан суғориш тармоқларининг 23 тасига «Ақлли сув» қурилмалари қўйилган. Аму-Сурхон ИТҲБ томонидан туманда ўтказилган семинарда суғориш тармоқларига ўрнатилган қурилмаларнинг ишчи ҳолати ўрганилиб, замонавий сув ўлчаш асбобларининг барчаси сув хўжалиги серверига интеграция қилингани аниқланди. Қурилмаларнинг 12 тасидан маълумотлар бориб турибди, лекин 15 тасида маълумотлар узатилишида тез-тез узилишлар бўлаётгани ойдинлашди.
Семинарда таъкидланганидек, пудратчилар томонидан ишлар сифатсиз қилинган ёки ирригаторлар иш сифатини назорат қилишмаган. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси раҳбари, ҳисобчиси ҳамда рақамли технологияларни жорий қилишга масъул қилиб қўйилган мутахассис зиммаларига қурилмаларнинг сим карта тўловларини амалга ошириш, қурилмаларни ўрнатган пудратчи ташкилот вакилларини топиб, барча қурилмаларни тўлиқ ишлатиш ҳамда маълумотларни сув хўжалиги серверига узатилишини ташкил қилиш вазифаси юклатилди.
Семинардаги муҳокама жараёнида туман ирригаторлари жорий йилда суғориш тармоқларининг 7 тасига «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилгани ҳамда уларни ўрнатиш учун талаб этиладиган 77 миллион сўмни ривожлантириш жамғармасига маблағ тушириш ва туман молия бўлимидан маблағ ундириш ҳисобига топиш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати