Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияда сув хўжалиги тизим ташкилотларини малакали олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, юридик хизмат фаолиятини самарали йўлга қўйиш, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизоми мавзусида семинар ташкил қилинди.
Таъкидланганидек, мелиоратив экспедиция ва унинг туманлардаги мелиоратив участкаларида охирги икки йил орасида 5 нафар олий маълумотли мелиоратор кадрлар ишга қабул қилинган. Уларга устозлар иш ўргатмоқда. Бироқ ойлик маошлари камлиги учун баъзида бошқа соҳаларга ўтиб кетишни истаётганлари ҳам йўқ эмас. Мелиоратив участка раҳбарларига ёш кадрларни соҳада муқим ишлаб қолишлари учун амалий кўмак бериш, зовурлар атрофидаги бўш ерлардан ажратиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, шу йўл билан қўшимча даромад олишларига ёрдамлашиш топшириғи берилди.
Семинарда мелиоратив участкаларга фуқаролар ҳамда юридик шахслардан келиб тушаётган ариза ҳамда мурожаатларга кечикиб чора кўрилаётгани таъкидланиб, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ва манфаати тургани эслатилиб, тегишли мутахассисларга ариза ва мурожаатларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш вазифаси юклатилди. Мелиоратив экспедиция ва туманлардаги мелиоратив участкаларга турли ташкилотлардан келаётган ҳужжатларни ягона ҳимояланган «edo.ijro.uz.» тизимида айланишини ташкил қилишда барча зарурий шароитларни яратиш, ҳужжатлар билан ишлашда бепарво бўлмаслик ҳамда ижро интизомига қатъий амал қилиш тавсия қилинди.
Семинарда юридик хизмат фаолиятини самарали ташкил қилиш, тузилаётган шартномаларнинг қонунийлигини таъминлашга алоҳида аҳамият бериш топшириғи берилди. Мелиоратив экспедиция ва унинг туманлардаги участкалари балансида бўлган зовурларнинг ҳимоя зоналаридаги ерлар ҳамда бино, иншоотларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилиш, бу борада ташкилотнинг ҳуқуқшуноси билан маслаҳатлашган ҳолда кадастр ташкилотларига мурожаат қилиш семинарнинг асосий мавзусига айланди. Соҳа ходимлари томонидан икки ва ундан ортиқ субъектларга хизмат қилаётган зовурларни хатловдан ўтказиш, ер майдонларига тегишли ҳужжатларни кадастр ташкилотларига тақдим этаётганда ҳужжатларнинг қонунийлигига эришиш учун юридик хизмат фаолиятидан унумли фойдаланиш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати