Бу йил сув хўжалиги учун долзарб давр!
Каналларни бетонлаштириш ишлари жадал кетмоқда. Суғориш мавсумигача улгуриш учун айрим жойларда қурувчилар 2-3 сменада меҳнат қилишаяпти.
Насос-станциялар 7/24 режимида ишлаб турибди. Каналлардан сув – ҳаёт манбаи тўхтовсиз оқаяпти.
Сув хўжалигидагилар – раҳбардан тортиб энг қуйи бўғиндаги ходимгача улкан ва залворли масъулиятни юракдан ҳис этишган.
Йил яхши келди, қор, ёмғирлар билан осмондан барака ёғилаяпти. Март ойи ҳам серёғин келиши кутилаяпти.
26 февраль куни вазирлик марказий аппаратида йиғилиш ўтказилиб, ушбу ҳафтадаги муҳим вазифалар муҳокама қилиб олинди.
Йиғилишни бошқарган Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев қуйи бўғин – соҳанинг пойдевори эканлигини таъкидлаб, туман “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари фаолиятини кучайтириш бўйича топшириқлар берди. Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори билан қуйи бўғиндаги ходимлар иш ҳақи 2 баробардан кўпроққа ошгани, келгусида ҳудудлардаги бошқа сув хўжалиги ташкилотлари ишчиларининг даромадини кўпайтириш чоралари кўрилиши таъкидланди.
Ҳозирги вазиятда энг мақбул ечим – ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш, сув фонди ерларидан самарали фойдаланиш. Ҳар бир ташкилот қошида ёрдамчи хўжалик ташкил этиш ва уни комплекс ривожлантириш соҳа олдидаги бу йилги энг муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди. Шу мақсадда кунлар исиши билан гидротехник иншоотлар атрофидаги, ирригация ва мелиорация тармоқлари бўйидаги ер участкаларига экин экишни тезроқ бошлаш кераклиги айтиб ўтилди.
Ёш ходимлар учун қишлоқ хўжалиги йўналишида кредитлар олишда кўмаклашиш, гидро участкаларда тарқоқ ҳолда қорамол, қўй, эчки, паррандаларни боқишдан ташқари, марказлашган фермалар ташкил этиш масаласи ҳам эътиборда бўлади.
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Т.Бутунбоевга тегишли бошқарма ва бўлимлар билан бирга сув хўжалиги масалалари бўйича Тармоқ илмий-техник кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш, ДХШ лойиҳаларини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Вазир ўринбосари Ҳ.Қувондиқовга иқтисодиёт, АКТ, чет эл инвестицияси, ривожлантириш жамғармасига маблағ жалб этиш, ходимлар иш ҳақини ошириш масалаларини чуқур ўрганиб, таклифлар киритиш юклатилди.
Йиғилишда февраль ойида “Ijro.gov.uz” тизимида назоратда бўлган вазифалар ва март ойида бажарилиши лозим бўлган топшириқларнинг ижросини белгиланган муддатларда, тўлақонли ва сифатли таъминлаш юзасидан барча даражадаги раҳбар-ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш масаласи кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
“Сув текин эмас” ғояси остида тарғибот тадбирларини ташкил этиш, сув истеъмолчилари ўртасида сувдан фойдаланиш маданиятини ва уни асрашни тарғиб қилиш, истеъмолчиларга оби ҳаётни асраш зарурлигини тушунтириш бўйича оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Баҳор – гўзаллик, байрамлар фасли. Кунлар исиши билан “Яшил макон” лойиҳаси бўйича кўчат экиш тадбирларини якунлаш, Наврўз умуммиллий байрамига кенг тайёргарлик кўриш, ҳар бир насос станцияси, гидротехник иншоот атрофини саранжом-саришта қилиб, ободонлаштириш, сув хўжалигига дахлдор барча масканларни файзли гўшага айлантириш учун ҳамма ҳисса қўшишига келишиб олинди.
Ахборот хизмати