Ҳар йили ирригация ва мелиорация тармоқларини, шунингдек, насос станцияларини таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш жараёнида ҳар хил металлар ва эҳтиёт қисмлардан фойдаланилади. Агар бу жиҳозларнинг барчаси жамланса, тонна-тонна юк бўлади. Табиийки, ирригатор ва мелиораторлар ҳамда насос станциялари мутахассислари ишлатадиган барча жиҳозлар, металлар, эҳтиёт қисмлар темир, чўян, пўлат сингари табиий бойликларимиздан тайёрланади. Ер остидаги руда конларидан қазиб олинадиган хомашёлардан металлургия комбинатларида ирригатор ва мелиораторлар фойдаланадиган турли металл буюмлар тайёрланади. Ер остидаги бойликларимиз ҳам битмас-туганмас эмас. «Еб ётганга тоғ ҳам чидамайди», деганларидек, ҳадеб ер ости бойликларини қазиб олаверсак, яроқсиз ҳолга келган техникалар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа металл парчаларини бир бурчакка итқитиб юбораверсак, бу аҳволда темир буюмларига зориқамиз, ёки шу буюмларни ҳам халқимизнинг ризқи ва даромадини сарфлаб қўшни давлатлардан келтиришга мажбур бўламиз. Шунинг учун яроқсиз, ишдан чиққан эҳтиёт қисмлар, қисқаси, қора ва рангли металл парчаларини йиғиб, металлургия комбинатларига топширсак, қайта ишлаш жараёнида яна қурилиш ташкилотлари, ирригация-мелиорация тармоқлари, насос станцияларига зарур қувур, ёки эҳтиёт қисм тайёрланади.
Ўз вақтида янги бўлган, ишлатилавериб эскирган ёки яроқсиз ҳолга келган металл парчаларини йиғиб топширишдек шарафли ишга Аму-Сурхон ИТҲБ тизим ташкилотлари ҳар йили ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Амалдаги йилда тизим ташкилотлари ишчи-хизматчилари зиммасига 292 тонна қора ҳамда 1,8 тонна рангли металл парчаларини йиғиб топшириш мажбурияти юклатилган. Масала моҳиятини тўғри англаб етган ва топшириқни муҳокама қилмай бажариш шарт ва зарурлигини яхши биладиган тизим ташкилотлари жамоалари жорий йилнинг ўтган вақти орасида чораклик режани адо этишдим, белгиланган 75 тонна ўрнига 82 тонна қора металл парчалари йиғиб топширилди.
Эътиборга молик жиҳат шуки, тизимдаги айрим ташкилотлар жамоаси аллақачон йиллик режани ҳам бажаришди. Масалан, «Аму-Занг» ирригация тизим бошқармаси жамоаси 12 тонна қора ва 60 килограмм рангли металл парчаларини йиғиб топшириб, бу борадаги йиллик режани ҳам уддалади. Шунингдек, Сурхондарё сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси. мутахассислари ҳам 13,1 тонна қора ва 60 килограмм рангли металл парчаларини топшириб, йиллик режани муддатидан илгари адо этишди. Ушбу ютуқлари учун шартномага кўра, «Аму-Занг» ИТБ раҳбари Турғун Қулмирзаев ва металл парчаларини йиғиб топширишга масъул ходим Поён Тиловов, Сурхондарё вилояти сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Рустам Алимов ва шу иш билан доимий шуғулланган мутахассис Баҳодир Алламуродовларга ташкилотларининг ривожлантириш жамғармаларига йиғилган маблағ ҳисобидан иш ҳақларининг бир ойлиги баравари миқдорида мукофот пули берилди.
Тизим ташкилотларининг қолганлари ҳам металл парчаларини йиғиб, топширишмоқда. Яқин кунларда «Сухон-Шеробод» ҳамда «Тўпаланг-Қоратоғ» ирригация тизим бошқармалари муҳандис-техник ходимлари ҳам қора ва рангли металл парчаларини топшириш йиллик режасини бажариш чораларини кўришмоқда.
Лекин қора ва рангли металл парчаларини йиғиб топширишда ҳамма ирригатор ва мелиораторлар ҳам фидойилик билан ёндошаяпти, деб бўлмайди. Айниқса туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ мутахассисларию раҳбарлари бу масалада ҳафсаласизлик қилмоқда. Йилнинг деярли уч ойи ортда қолди ҳисоб, бироқ шу вақт орасида «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси, Бойсун, Жарқўрғон, Музработ, Қумқўрғон, Денов, Бандихон туманлари «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ жамоалари бир килограмм ҳам металл парчаларини йиғиб топширмаганлигини қандай баҳолаш мумкин? Тизимдаги техникаси ва насос агрегатлари ва бошқа асбоб-жиҳозлари энг кўп корхона бу-насос станциялари ва энергетика бошқармасидир. Бошқарма тасарруфидаги насос станцияларини ҳар мавсумга шайлаш учун тонна-тонна металл буюмлар ишлатилади. Аммо насосчилар қора ва рангли металл парчаларини йиғиб, топширишда оқсашаяпти. Ўтган вақт мобайнида насосчилар бир килограмм ҳам металл топширмаганини сира оқлаб бўлмайди. Ушбу жамоалар раҳбару мутахассисларидан қора ва рангли металл парчаларини топширишда ўзгариш сезилмаётганини Аму-Сурхон ИТҲБ масъул мутахассислари талаб қилишса, «бизда темир йўқ, қаердан олайлик…» деганга ўхшаш ҳар хил важ ва баҳоналарни рўкач қилишмоқда. Ҳолбуки, режани ортиғи билан бажариб қўйган тизим ташкилотлари омборида тонна-тонна қора металл парчалари уйилиб ётгани йўқ, лекин улар режани бажариш шартлигини ҳисобга олиб, бу вазифага жиддий киришишмоқда ва режани уддалаш чораларини қидиришмоқда. Қисқаси, баҳона билан иш битмайди, режада белгиланган қора ва рангли металл парчаларини йиғиб топшириш шарт.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати