Қумқўрғон тумани ҳудудида жойлашган «Тўғригузар» насос станциясидаги мавжуд 7 та агрегат ёрдамида Сурхондарё дарёсидан сув тортилиб, фермер хўжаликларининг қарийб минг гектар экин майдонлари ҳамда аҳоли томорқалари обиҳаёт билан таъминланади. Жорий йилда ушбу насос станциясини «Термиз Жайхун кластер» МЧЖ бошқарувига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бериш режалаштирилган. Шу муносабат билан мазкур объектда семинар ўтказилиб, давлат-хусусий шериклик шартлари, хусусан, лойиҳани тайёрлаш, хусусий шерик томонидан киритиладиган сармоялар насос станцияси фаолиятини яхшилашга қай даражада хизмат қилиши ҳақида атрофлича ахборот берилди.
Семинар жараёнида объектда олиб борилган ишлар ҳам назоратдан ўтказилди. Станцияда режалаштирилган барча насос агрегатлари ҳамда электр двигателлар сифатли созланиб, суғориш мавсумига тўлиқ тайёрлангани эътироф этилди. Жамоа аъзоларига лимит бўйича ажратиладиган электр энергиясидан тежаб фойдаланиш ва иқтисод қилиш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати