Сув энг улуғ неъмат. У – ҳаёт манбаи.
Йил яхши бошланди, февраль-март ойлари ёғингарчиликларга бой бўлди. Осмондан оби-раҳмат, қут-барака ёғди. Омборларимиз сувга тўлмоқда, шу боис ёзги суғориш мавсуми кўнгилдагидек ўтишига, халқимизнинг ризқ-рўзи янада тўкин бўлишига сувчиларнинг умидлари катта.
Мана шундай файзли, шодиёна лаҳзаларда Сув хўжалиги вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган барча ходимларни Наврўз умумхалқ байрами билан самимий табриклайман ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин!
Давлатимиз раҳбарининг қарори билан бу йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланмоқда.
Шу кунларда жойларда ташкил этилаётган Наврўз умумхалқ байрамининг барча тадбирларида, оммавий сайилларда сув хўжалиги ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаяпти.
Президентимизнинг халқимизга ғамхўрлигидан сувчилар янада руҳланиб, камарбаста бўлиб, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшишга, шижоат билан меҳнат қилишга астойдил киришганмиз.
“Каналларни бетонлаштириш бўйича долзарб йил”да 1,5 минг км йирик каналлар ва 10 минг км кичик ҳажмли каналларни бетонлаштириш кўзда тутилган.
Сувни самарали бошқариш, тежамкор технологиялар жорий этишни кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини татбиқ этиш жорий йилда устувор вазифаларимиз бўлиб қолади.
Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда “Ақлли сув” ҳамда шу каби рақамли технологияларни жорий этиш, “Сувчилар мактаби”нинг 2-босқичдаги фаолиятини самарали ташкил этиш каби вазифалар ҳам эътиборимизда.
Шу билан бирга, сувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, янги-янги ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш орқали ходимларни моддий рағбатлантириш манбаларини яратиш ишлари кенг кўламда қатъий давом эттирилади.
Президентимиз ташаббуси билан барча туманларда
“Сув етказиб бериш хизмати” йўлга қўйилгани ҳисобига олдимизда турган вазифаларни тўлиқ ва сифатли уддалашимизга ишончимиз комил.
Бу йил Наврўз умумхалқ байрами муборак Рамазон ойига тўғри келди. Ишонаманки, сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, суғориш мавсумигача гидроиншоотлар, насос станциялари, каналлар атрофини ободонлаштириб, дарахтларни оқлаб, шакл бериб, ер майдонларига мавсумий гул ва дарахт кўчатлари экишни жадаллаштирадилар.
Фурсатдан фойдаланиб, барча сувчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман!
Сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Гўзал ва жонажон юртимизда шодиёналар, қувончли кунлар кўп бўлсин.
Шарқона Янги йил – Наврўзи оламнинг қадами барчамиз учун қутлуғ ва баракали келсин, сувларимиз мўл бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири