Тошкентда сувчи ёшлар ўртасида “Заковат” ўйинларининг финал босқичи ўтказилди. Унда Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ, Аму-Қашқадарё ИТҲБ, Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ, Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси ҳамда Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази жамоалари иштирок этди.
Турнирни Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Т.Бутунбаев очиб берди ва жамоаларга омад тилади.
Турнирда сув мавзусидаги саволлар ҳам ўйналди. “Равотхўжа” сув тўғонининг маъмурий биноси олдида Алишер Навоийнинг асаридаги қайси қаҳрамон ҳайкали ўрнатилгани, АҚШдаги Гувер тўғони қурилишига сарфланган маблағни қайтаришда нима асосий манба бўлгани, ХХ аср бошларида тадбиркор Френк Холмс Арабистон ярим оролида нефтдан ҳам муҳим қайси маҳсулотни топгани ҳақидаги саволларга барча жамоалар тез ва тўғри жавоб берди.
Ўйин икки бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бирида 12 тадан савол ўйналди. Биринчи бўлимда барча жамоалар тенг балл тўплашди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда Аму-Қашқадарё ИТҲБ жамоаси энг юқори балл тўплаб биринчи ўринни қўлга киритди. Баллари тенг бўлиб қолгани учун Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ ва Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази жамоалари учун қўшимча саволлар ўйналди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ жамоаси иккинчи ўринга лойиқ эканлигини исботлади, Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Ютқизган ўйинга тўймайди.
Ҳамма жамоалар ютиш учун келган ва уларнинг барчаси ғолибликка муносиб эди.
Ўйинлар холис, шаффоф ва адолатли ўтказилди.
Вазирлик Ташкилий назорат бўлими ва Ахборот хизмати мутахассислари жараёнларни четдан кузатиб турди.
Мусобақани “Заковат” интеллектуал клуби” ННТ вакиллари ўтказди.
Турнир якунида ғолиблар тақдирланди.
“Заковат” интеллектуал мусобақаси Сув хўжалиги вазирлигида тизимида ёшларга эътибор, уларнинг билим ва интеллектини оширишга қаратилган ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлди. Мусобақанинг дастлабки босқичлари қуйи ташкилотларда ўтказилган бўлиб, жами уч мингдан ортиқ ёшларни қамраб олди.
Ахборот хизмати