“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларда беминнат кўмак бериш учун Тошкент ҳамда водий вилоятлари сувчиларининг 400 нафар вакили жиззахлик ҳамкасбларига ҳашарга келишгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Наманган вилоятидан келган мироблар Зарбдор туманида бўлиб туришибди.
Маъмурий биноси ана шу туманда жойлашган ташкилот – Жиззах бош насос станциялари бошқармаси жамоаси ўз тасарруфидаги сув иншоотлари ҳудуди ва атрофига 75 минг туп кўчат экиши кўзда тутилмоқда. Бу ишни амалга оширишда шубҳасиз, наманганликларнинг ёрдами айни муддао бўлади.
– Ўзимиз билан 100 минг туп кўчат олиб келдик, – дейди Норин-Сирдарё ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция бошлиғи ўринбосари Камолидин Тошбоев. – Бугун шу ниҳолларнинг 30 минг тупини Жиззах бош насос станциясига қарашли 2-насос станцияси муҳофаза ҳудудидаги бўш ерларга экидик.
Маълумот учун, воҳага водийдан беминнат кўмакка келган Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари сувчилари жиззахлик ҳамкасбларига 800 минг туп кўчат тортиқ қилишни ҳам кўзлаб туришибди...
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати